Ўзбекистон Доҳадаги афғонлараро конференция қарорларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди
Жамият
−
09 Июль 2019
3890Жорий йилнинг 7-8 июль кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида Афғонистон масаласи бўйича навбатдаги конференция бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Доҳадаги (Қатар) афғонлараро конференция қарорларини ва унинг иштирокчилари томонидан қабул қилинган Тинчлик тўғрисидаги қўшма резолуцияни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
“Томонларнинг афғонлараро кенг қамровли музокаралар орқали барқарор тинчликка эришишга содиқлиги Афғонистон муаммосини ҳал қилишнинг ягона тўғри йўлидир.
Ўзбекистон доим тинчлик жараёни мамлакатнинг барча сиёсий кучлари ва этник гуруҳларини қамраб олиши керак деган қатъий фикрда бўлган. Бунда бош ролни афғонларнинг ўзлари ўйнаши керак.
Мамлакатда узоқ кутилган тинчликни ўрнатиш бўйича сиёсий жараён афғонларнинг ўзлари томонидан ҳамда Афғонистон халқи раҳбарлигида амалга оширилиши лозим.
Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон Афғонистонда ҳақиқий тинчликка эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни бундан кейин ҳам давом эттиришга тайёр”, дейилади ТИВ расмий баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил Самарқандда Афғонистон Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати раҳбарлари ўртасида диолог ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
LiveБарчаси