Ўзбекистонда 111 та истиқболли коннинг 14 тасидан фойдалинилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июль куни геология соҳасини янада ривожлантириш, геологик қидирув ва қазиб олишни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Мамлакатда саноатлаштириш мумкин бўлган 73 турдаги фойдали қазилма захирасига эга 2 мингдан зиёд кон бор. Шундан 437 таси ўзлаштирилмаган. Янги истиқболли конларни ўрганиш етарли даражада эмас. Қидирув ишларига жалб қилинаётган техникаларнинг 70 фоизи эскирган.

Соҳага инвестициялар жалб қилиб, қайта ишлашни йўлга қўйиш ишлари ҳам сустлиги қайд этилди. Бугунги кунда 111 та истиқболли коннинг атиги 14 тасида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида 39 миллион долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда, холос. 
Йиғилишда геологоразведка ва қазиб олиш ишлари учун белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштириш, бюджет маблағлари самарадорлигини ошириш, тармоққа хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш бўйича вазифалар белгиланди.

Геология-қидирув ишларини молиялаштириш тизимини ислоҳ қилиш, хорижий экспертларни жалб этиб, энг илғор тажрибаларни амалиётга жорий қилиш зарурлиги таъкидланди. 2020-2021 йилларга мўлжалланган мутлақо янги форматдаги қидирув ишлари дастурини шакллантириш, соҳанинг моддий-техник базасини янгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Минерал хомашё базасини халқаро стандартлар асосида баҳолаш, жумладан, конлар захираларини JORC кодекси талаблари асосида ҳисоблаш ва маълумотлар очиқлигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат геология қўмитасига янги инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш ҳамда уларни ўз веб-сайтларига жойлаштириш, хорижда бизнес тадбирлар ва роуд-шоулар ташкиллаштириш орқали салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Волфьрам, графит каби талаб юқори хомашёлар бўйича инвестиция жалб қилиб, камида 20 та лойиҳани амалга ошириш юзасидан топшириқ берилди.

Соҳадаги бугунги ҳолат ва йиғилишда қўйилган вазифалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Давлат геология қўмитаси

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг