Далиллар кўрсатмоқда – Идлибда кимёвий қурол ишлатилган
Олам
−
04 Март 2020
7270Бугун, 4 март куни Сурия ҳукумати мудофаа вазирлиги берган маълумотларга кўра, Идлиб деэскалация зонасининг шарқий қисмида кимёвий қурол ишлатилингани ҳақида далиллар тўпланди.
"Кеча, 3 март куни Сурия ҳукумат кучлари “Ҳаёт Таҳрир аш-Шом” гуруҳи террорчиларига қарши Идлиб деэскалация зонасининг шарқий қисмида махсус операция ўтказди. Операция давомида кимёвий қурол ёрдамида амалга оширилган ҳужумларнинг рад этиб бўлмайдиган далиллари аниқланди", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 февраль куни Идлибда Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан уюштирилган ҳаво ҳужуми чоғида 33 нафар турк ҳарбийси ҳалок бўлган эди. Шундан сўнг, Туркия армияси Сурия қўшинлари позицияларига ҳаво ва ер усти ҳужумларидан жавоб қайтарди. Унда бирданига 309 та Сурия аскари ўлдирилди.
Туркия ва Сурия ўртасидаги муносабатлар дақиқа сайин таранглашиб бормоқда. Расмий Анқара Асад режими Россия ва Эрондан дастак олаётганини иддао қилмоқда. Айни вақтда ушбу тўртлик – Туркия, Сурия, Россия ва Эрон ўртасида аллақачон ахборот уруши бошланиб бўлди. Мамлакатларнинг ахборот тарқатувчи ички ва ташқи ресурслари бир-бирига бўҳтон ёғдириш билан банд бўлиб қолмоқда.