Яна 260 ўзбекистонлик Хитойдан қайтиб келяпти
Жамият
−
05 Февраль 2020
6563Бугун, 5 февраль куни Хитойдаги яна 260 ўзбекистонлик Пекинданг чартер рейс билан Тошкентга учади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси маълумотига кўра, Ўзбекистонга қайтишни истаган 260 га яқин фуқароларнинг дастлабки рўйхати тузилган.
“Дипломатик ваколатхона томонидан Хитойнинг турли минтақаларида таҳсил олаётган 800 дан ортиқ ўзбекистонлик талабалар билан куну-тун тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилган. Тушунтириш ишлари мунтазам равишда давом эттирилмоқда, хавфсизлик чоралари тўғрисидаги долзарб тавсиялар ҳамда ватандошларни олиб кетиш бўйича чораларнинг ҳар бир босқичи тўғрисида маълумотлар тизимли тарзда юборилди ва юборилмоқда. Зарур ҳолларда турли масалаларни ҳал қилишда Хитой ҳукумати билар биргаликда ёрдам кўрсатилди.
Элчихона томонидан Хитой расмий идоралари, жумладан Хубей провинцияси маъмурияти билан биргаликда карантин ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларини босқичма-босқич эвакуация қилиш режаси ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Мазкур провинциядаги 20 дан ортиқ манзилдан ҳамюртларимиз, асосан 14 та олий таълим муассасаси талабалари Ухань шаҳри аэропортига етказилиб, 5 февраль куни эрталаб “Uzbekistan Airways” АЖнинг чартер авиарейси орқали Тошкентга олиб келинди. Самолёт бортида 84 та йўловчи, жумладан 79 нафар ватандошимиз ватанга қайтарилди. Қозоғистон томонининг сўровига биноан мазкур самолёт бортида 5 нафар Қозоғистон фуқароси ҳам Хитойдан ортга қайтди. Уларнинг ҳам барчаси карантин даврида махсус жиҳозланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди”, дейилади ТИВ хабарида.
Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонасига +86 138 1120 4471 (Азиз Хилватов), +86 135 1102 4242 (Бобур Яхяев), +86 139 1175 4476 (Шухрат Умиров) телефон рақамлари орқали ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига +86 131 2255 5772 (Азиз Улуғбеков) телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.