Ота-онам бир кунда қаришган – 10 ёшида поезд тагида қолган Муроджон билан суҳбат

Интервью

2006 йил. 11 яшар Муроджон шўхлиги сабаб поезд тагида қолди ва оёқларидан бир умрга ажради. Бироқ, умидини сўндирмади, орзулари армонга айланишига йўл қўймади. Унинг бошидан ўтганларни эшитиб, хушчақчақлигини кўриб, ҳаётимизда учраб турадиган айрим кам-кестларга ношукрлик қилишимиздан уяламиз. Келинг, булар ҳақида қаҳрамонимизнинг ўзи гапирсин. 

“...ёлғиз фарзанд эркатой бўлади”

Камина Муродбек Жигитов. 1995 йилда Сирдарё вилояти Сирдарё шаҳрида таваллуд топганман. Оилада уч кишимиз – отам, онам ва мен. 

Мен ёлғиз фарзандман. Нафақат ёлғиз, балки Aллоҳдан сўраб кутилган фарзанд деса ҳам бўлади. Ота-онам кеч турмуш қуришган, мендан кейинги укаларим оламдан ўтиб қолган. Ёлғиз фарзанд бўлсам ҳам эркатой бўлмаганман. Кўпчилик айтади: ёлғиз фарзанд эркатой бўлади. Йўқ, отам жуда қаттиққўл бўлганлар, улар билан кўз орқали гаплашар эдик. Меҳмонга борганимизда кимдир эркалаб, ширинлик берса, дадамга қарардим, менга қарасалар демак олиш керак эмаслигини билардим. 

Ўша вақтлари хўрлигим келарди. Дадам амакимнинг ўғилларини эркалаб, мени эркаламасалар хафа бўлардим. Лекин яқинда бу учун дадамга раҳмат айтдим. Чунки, дадамни берган шу тарбия мен учун пойдевор бўлган. 

Онам ҳақида айтсам, уларга таъриф беришим жуда қийин. Таърифлашга ҳаракат қиламан: онам доим сен ҳақсан, ҳақ йўлдасан, деб айтадилар. Шукурки, шу кунгача онамга ортимдан ёмон гап бормаган. Балки шу сабабли ҳам менга ишонадилар. Доим “ўғлим сен нима қарор қабул қилсанг мен розиман”, дейдилар. Менга қарши чиқмайдилар. 

“Ота-онам бир кунда қаришган”

Онамга жуда қийин бўлган. Мен бу аҳволдаман, оилавий можаролар дегандек... Тошкентга кетиб қолганман. Онам буларнинг ҳаммасини енгиб ўтганлар. Онамга ўхшагани йўқ. 

Бу ҳолатга тушишимга бахтсиз ҳодиса сабаб бўлган. Болалигимда жуда шўх бўлганман. Бешинчи синфда ўқиб юрган кезларим поезд тагида қолганман. 

Ўша куни бувимнинг уйларига боришим керак эди, онам юбормагандилар. Мен бувимникига бориб, ҳамма ухлаганда велосипедни олиб қочардим. Аммо бундай бўлмади. Мол боқишга чиқиб болалар билан қизиқиб поездга осилганмиз. Охири нима билан туганини кўриб турибсиз 

Ўша вақтлар оиламизга, айниқса, ота-онамга жуда  оғир бўлган. Баъзан бир кунда қариди деб айтишади-ку, мени ота-онам ҳам бир кунда қаришган. 

“Насиб қилса, Токиога кетаман”

Ясама оёқлар борлигини билганимизда ҳаётга бўлган иштиёқим жуда ошган. 2006 йилда шу ҳодиса рўй берган бўлса, йил охирида ясама оёқ, яъни протез кийиб, оёққа туриб юрганман. Бу ҳам Яратганнинг бир синови. Шу сабаб нолимайман. Оёғим йўқ дегани – бу камчилигим ёки кимгадир қарам бўлишим керак дегани эмас. Доим ўзимни ўзим эплашга, эҳтиёжларимни қондиришга ҳаракат қиламан. Ҳаётдаги энг олий мақсадим юртимизга фойдаси тегадиган инсон бўлиш, ота-онамнинг юзларини ёруғ қилиш. Бу мақсадим йўлида кўплаб интилишлар бор. 

Спорт – ҳаётим мазмуни. Оғир атлетика, сузиш. Енгил атлетика йўналиши бўйича ҳам шуғилланиш ниятим бор. Токио олимпиадаси бир йилга қолдирилди. Агар насиб қилган бўлса кетамиз.

“Мен энди қандай қилиб тобут кўтараман”

Поезд тагида қолганимда бола бўлганман, кўп нарсага ақлим етмагандир. Ўшанда роса йиғлаганман, лекин бу кўз ёшлар оғриқ учун эмасди. Мен оғриқни ҳис қилмаганман. Ўрнимдан тураман деганимда тура олмаганман. Қарасам, оёғим йўқ эди. 

Дадам “сен менинг давомчимсан, тобутимни кўтарасан”, деб кўп айтардилар. Оёқларим кесиб ташланганда, хаёлимдан фақат дадамнинг гапи ўтарди. Мен энди қандай қилиб тобут кўтараман, деб йиғлаганман.

“...бўлиб ўтган воқеалар онамнинг қаддини букди”

Орадан озгина вақт ўтди. Тоғам уйимизга келиб менга тушкунликка тушмаслигимни айтдилар. Бир кино дискини бердилар. Фильмда оёғи йўқлар футбол ўйнаб юргани тасвирланган. Менда ҳаётга нисбатан янги умид учқуни пайдо бўлди. Тошкентга келдик, протез буюртма қилдик. Орадан олти ой ўтиб протез кийганимда, бўйим онамникидан ҳам баланд бўлиб кетди. Ё менинг бўйим ўсди, ё бўлиб ўтган воқеалар онамнинг қаддини букди. Ўшанда ўзимга ўзим сўз бердим. Энди онамнинг бўйи чўкмайди, қадди букилмайди. Энди ўзим учун ўзим ҳаракат қиламан. 

2007 йилда 100-махсус мактаб-интернатига ўқишга қабул қилинганман. Бошида қўрқув бўлган. Бошқа муҳитда яшаган одам янги шароитга мослашиши қийин кечади. Лекин мактаб ўқувчилари олдида ўзимни эркин ҳис қилганман. Протезда бўлганим учун оёғим йўқлиги билинмас эди. Улар билан ўқиш, у ердаги муҳит менга ёққан. Кўп нарса ўрганганман. 

“Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан”

2007 йилдан буён Тошкентда яшайман. Сирдарёга вақтинча бориб қайтаман. Кислород манбаим Тошкент десам ҳам бўлади. Сирдарёда, ҳатто, қўшниларни ҳам танимай қолганман. 

Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан дейишади-ку. Тошкентга келганимга шунча бўлган бўлса, жуда кўп одамни кўрдим, танишдим. Уларнинг орасида тўғриси ҳам, ўғриси ҳам бор. Нолимайман, чунки буларнинг барчаси инсонга дарс бўлади. Бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукур қиласан. Мен ҳаётим давомида кўпларни кўриб шукур қилганман. Aйтишади-ку Яратганнинг ҳар бир ишида ҳикмат бор.

Авваллари ҳолатимдан жуда уялардим. Республика рассомлик коллежида ўқиганман. Курсдошларим оёғим шунақалигини 3-курсда билишган. Доим шимда юрганман ва ҳеч кимга айтмаганман. Юришим бошқачароқ эди, бошқалардан ажралиб турардим. 

“Ногиронлик нафақамни олмайман”

2014 йил коллежни битириб, олийгоҳга ҳужжат топширганман. Имтиҳонлардан ўта олмадим. 2015 йилда қайта топшириш ниятим бўлмаган. Ўқишга киришдан умидимни уздим. Лекин йўқ жойдан Хитойга грант ютганман. Ногиронлар жамияти қошида Хитой маданияти ва санъати мавзуда танлов ўтказилди. Мен Хитой кунг-фу мактаби макетини ясагандим. Унда биринчи ўринни қўлга киритиб, бир йиллик грантни ютиб олдим. Грант асосида Хитойнинг Шинжон шаҳрига кетдим. У ерда бир йил ўқиганим ҳам менга жуда яхши таъсир қилган. Одамлар бир-биридан уялмайди. Ўқиш бошланганидан икки ҳафта ўтиб, протезим синиб қолди. Ноилож аравачада ўқишга борганман. Янги протез олгунимча уч ой шу аравачада ўқишга қатнадим. 

Бугунгача жуда кўп жойда ишлагадим. Aлишер Навоий театри реконструкция бўлганида усталик қилдим, яна кафеда ҳам ишладим. Меҳнатдан ҳеч қачон уялмаганман. Инсон ўзи учун ўзи ҳаракат қилиши, меҳнатдан уялмаслиги керак. Қачонки киши ўзини эпласа, ўзи учун ҳаракат қилса, ўзига бўлган ишончи ошади. Мен ногиронлик нафақамни олмайман. Ота-онамга мени бирор жойда ярим ставка ишлайди деб ўйлаб, нафақамни сизлар олинглар, йўлимни топиб олгунимча менга тегманглар, деб айтганман.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Бошқарув факультетида ўқияпман. Ўқишни тугатсам, шу соҳанинг яхши мутахассиси бўлиш ниятидаман. Лекин спортни ҳам ташлаш ниятим йўқ. 


Мақола муаллифи

Теглар

Мурод Жигитов

Баҳолаганлар

297

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар