Ўзбекистон спортчилари Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликни тўхтатди
Спорт
−
26 Март 2020
5758Халқаро олимпия қўмитаси томонидан Токио-2020 Олимпиадасини 2021 йилда ўтказиш бўйича якуний қарор қабул қилингандан сўнг Олимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзолари учун ташкил этиладиган барча ўқув-машғулот йиғинлари расман 25 мартдан вақтинча тўхтатилди.
Бунгача мамлакат терма жамоалари аъзоларининг XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўришлари учун уларга бириктирилган спорт базаларида режалаштирилган ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этилган эди.
Лицензион мусобақаларнинг саналари аниқ бўлгунга қадар миллий терма жамоа аъзолари ўз уйларида индивидуал режа асосида машғулотларни мураббийлар томонидан ишлаб чиқилган кунлик тайёргарлик режалари асосида олиб борадилар.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси томонидан ташкил этилган “Тезкор штаб” Миллий терма жамоа спортчиларининг индивидуал режа асосида кунлик машғулот ўтказишларини доимий тарзда мониторинг қилиб боради.
Бундан ташқари Миллий терма жамоа бош мураббийлари томонидан масофали машғулотлар онлайн тарзда олиб борилади ҳамда вазиятдан келиб чиққан ҳолда спортчиларни индивидуал ҳолатига қараб керакли маслаҳатлар бериб борилиши таъминланади.