Путинни судга беришди
Олам
−
19 Июнь 2020
17516Россия Коммунистик партия фракциясининг депутатлари Евгений Ступин ва Олег Шереметев, шунингдек, сиёсатшунос Валерий Соловей ва адвокат Сергей Бочаров Президент Владимир Путиннинг 1 июль куни конституцияга киритилган ўзгартишлар бўйича овоз бериш жараёнини ўтказиш тўғрисидаги фармонини бекор қилиш талаби билан Олий судга мурожаат қилди. Бу ҳақда Znak.com хабар бермоқда.
"Сабаб шундаки, ҳар куни ўнлаб, баъзида юзлаб одамлар аниқланмаган вирусдан ҳаётдан кўз юммоқда. Бундай шароитда овоз бериш жараёнини ўтказиш – жиноятдир. Путиннинг фармонини бекор қилиш, кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади”, деб ёзади даъво муаллифларидан бири Facebook’даги ўз саҳифасида.
Худди шунга ўхшаш талаблар билан Путинга қарши яна бир даъво Россия Федерациясининг Киров вилояти "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти" жамоат ташкилоти раҳбари Геннадий Рудяк томонидан Олий судга топширилди. 16 июнь куни даъво аризаси рўйхатдан ўтказилиб, судьяга берилди. Бироқ Олий суд Рудякнинг даъвосини қабул қилишдан бош тортди.
14 март куни Путин Конституцияга бир неча ўнлаб тузатишлар киритди. Ҳужжат Конституциявий суд томонидан маъқулланган. Таклиф қилинаётган тузатишлар бўйича бутун Россия бўйлаб овоз бериш 1 июлга белгиланган. Асосий тузатиш Путиннинг Президентликка қайта сайланишига ва 2036 йилгача ҳокимиятда бўлишига имкон беради.
18 июнь ҳолатига кўра, Россияда коронавирус билан касалланганлар сони 561 минг кишини ташкил қилди (дунёда учинчи ўрин). 314 минг киши соғайиб, 7 660 киши вафот этди.
LiveБарчаси