Коронавирус қурбонлари сони 1000 дан ошиб кетди

Олам

image

Бугун, 11 февраль ҳолатига Хитойда пайдо бўлган янги коронавирус қурбонлари сони 1018 нафарга етиб, кечагига нисбатан 108 нафарга кўпайди. Қурбонларнинг фақатгина икки нафари Хитойдан ташқарида вафот этган.

Дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 2548 нафарга ортиб, 43 101 нафарга етди. Беморларнинг 42 638 нафари Хитойда қайд этилган. Қолганлари дунёнинг 27 давлатида аниқланган.

Коронавирусдан даволанганлар сони 4043 нафарга етди. Бу кўрсаткич кеча 3342 нафарга тенг эди. Беморларнинг 7345 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 27 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания ва Бельгияда аниқланди.

ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Янги коронавирусга Novel Coronavirus Pneumonia (NCP) номи берилди. У бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой вирус

Баҳолаганлар

180

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг