“Қалпоқ” ва “Шўрданак” ижодкорлари “ГАИ” ходимлари ҳақидаги ҳажвияси учун кечирим сўради

Жамият

image

Ўзларининг турли мавзулардаги чиқишлари билан ўзбек халқига яхши таниш бўлган “Қалпоқ” ва “Шўрданак” ҳажвий кўрсатувлари ижодкорлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳақидаги ҳазиллари учун ички ишлар ходимларидан узр сўради.

Хусусан, “Қалпоқ” кўрсатувида спиртли ичимлик ичиб, автомобиль ҳайдаган ҳайдовчи, катта жаримадан қочиб, акасининг иш формасини кийиб кўчага чиққан "ЙҲХБ ходими"га пора бергани кўрсатилган.

“Қалпоқ” ҳажвий кўрсатуви актёри Раҳмонали Суробовнинг таъкидлашича, бу видео бир йил аввал суратга олинган ва бу 30 дақиқалик кўрсатув ичидаги бир парча холос. Айнан ДАн ходимлари ҳақидаги латифа қисмини шу ишдан манфаатдор кимсалар ижтимоий тармоққа сиздирган. Актёр бу ишни ижодий жамоа аъзолари қилмаганини таъкидлади.

“ГАИ” ва милиция ходимлари устидан бундай ҳазил қилишимиз нотўғри аслида. Ҳеч қайси “ГАИ” ҳайдовчини тўхтатиб пора олмайди. Ҳайдовчиларнинг ўзи “Отам касал, энам ўлиб қолди”, деб уларнинг раҳмини келтириб, нимадирлар қилади. “ГАИ”нинг пул сўраши ҳаётда бўлмаган. Мен бирорта “ГАИ”ни ёмон демайман”, дейди Раҳмонали Суробов.

“Шўрданак” ҳажвий кўрсатуви ижодкорлари эса ЙҲХБ ходимлари ҳайдовчидан пул ундиришга уринганини кўрсатган. Шунингдек, кўрсатувда ҳайдовчи ўт ўчириш мосламаси ва дори қутиси сотиб олмагани учун тез ёрдам ва ўт ўчириш машинаси ҳамроҳлигида юргани кулгу остига олинган.

“ДАН ходимлари ҳақида биз аввал ҳам яхши материаллар қилганмиз, бироқ шу сафар бироз хато-камчиликларга йўл қўйдик. Бу ҳам қайсидир маънода шу касб эгалари ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслигимиз панд берди. Шу касб эгаларининг қанақа эканлиги юртимиз бошига келган синовли кунларда сезилди. Биз уйда иссиқ ўрнимизда бола-чақамиз билан ўтирганимизда, улар кечани кеча, кундузни кундуз демай, тиним билмай меҳнат қиляпти, бизни ўйлаб уйда қолишимизни сўраб, илтимос қиляпти, ялиняпти. Ўзим номимдан ва ижодий гуруҳ номидан кейинги ишларимизда нафақат ички ишлар, ДАН ходимлари ҳақида, қайсики соҳа бўлса, ҳажвия тайёрлайдиган бўлсак, унинг орқасида нима ётганини ўйлаб дастур қиламиз, деб ваъда бераман. Хатоликлар учун афсусдамиз, пушаймондамиз”, дейди “Шўрданак” кўрсатуви актёри Эркин Чўлиев.

Кўрсатувнинг бошқа бир актёри Дониёр Ҳасанов ҳам ички ишлар ходимлари ҳақида тўлиқ тушунчага эмаслиги панд берганини таъкидлаб ўтганди.

Бу ҳолатни кўриб, киши айтарга гап тополмайди. Ижодкорлар ижоди учун кечирим сўраса. Ижод эркинлиги деган тушунча афтидан ички ишлар тизимига ёд ва бегона. “Эл оғзига элак тутиб бўлмайди” бу айни ҳақиқат. “Қалпоқ” ва “Шўрданак” ижодкорларининг кечирим сўраб чиққани билан одамларнинг узоқ йиллар давомида "ГАИ" ходимлари ҳақида шаклланган тасаввурлари ўзгариб қолмайди. Аксинча, энди бошқа ҳажвий кўрсатув ва гуруҳлар ижодига янги ғоялар беради, холос.

Кўпчилик телевизор ва ижтимоий тармоқларда бошқа давлатлардаги ҳажвий кўрсатув ижодкорлари ўша мамлакатдаги вазирлар ва бошқа юқори мартабали амалдорларни у ёки бу соҳанинг аҳволини ҳавж қилганини кўрган. Нега улар ўз ижоди учун кечирим сўрамаган экан? Чунки айнан шу ҳавжий кўрсатувлар тизим учун ойна вазифасини ўтайди. Ички ишлар тизимидаги барча бирдек ёмон дейиш хато. Аммо уларнинг орасидаги нопок ходимлар борлигини ҳам ҳеч ким инкор қилмайди. Шундай экан, ижод аҳлини ўша камчиликларни кўрсатгани учун “узр сўратиш”дан кўра, тизимдаги муаммоларни таг томири билан йўқ қилиш, давлат идорасининг обрўсига мос иш бўларди, афтидан. Аммо бўлар иш бўлди...

Шу ўринда хоҳлаймизми-йўқми яна ўша Юлдуз Усмонова билан боғлиқ можарони ёдга олмай илож йўқ. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова май ойи бошида Сардобадаги фожиа жабрдийдалари учун тўплаган ёрдам юкини Сирдарёга етказишда ёрдам бермагани учун бутун бошли ички ишлар тизими ходимларини қаттиқ танқид қилиб, ҳақоратлаганди. Хонанданинг видеомурожаати ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида портлашга сабаб бўлганди.

“Асло рози эмасман. Халқ эшитсин. Юрт-олам эшитсин. Милиция абсолютно не работает. Ҳозир Каримов даврида яшамаяпсизлар клизма олгани, шунчалик ҳам клизмага ўрганиб қоласизларми?”, деганди Усмонова тизим ходимларидан нафратланиб.

Маданият ходимининг ижтимоий тармоқдаги жонли эфирда ички ишлар ходимларига қарата “Падарлаъанати бўлдиларинг бугун”, каби сўзларни айтиши жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлдганди.

Тўғри, Юлдуз Усмонова ўз айбини тан олиб, ички ишлар ходимларидан бир эмас, икки марта кечирим сўради. Аммо ИИВнинг хонандага чора кўрилиши айтилган кескин баёноти қуруқ гап бўлиб қолди. Чунки на суд бўлди, на Усмонова жавобгарликка тортилди. Ҳаммаси унутилди. ИИВ ўзига қаратилган ҳақоратга кўз юмди...


Мақола муаллифи

Теглар

Шўрданак Қалпоқ

Баҳолаганлар

381

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг