Карантин чораларини юмшатиш Самарқанд ва Қашқадарёда қандай натижа берди?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кеча, 13 май куни ўтган видеоселектор йиғилишида карантин чораларини юмшатиш, иқтисодиёт корхоналарини қайта тиклаш борасидаги ишлар бу сафар Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари мисолида кўриб чиқилди.

Мазкур икки вилоятда мамлакат аҳолисининг қарийб 20 фоизи истиқомат қилади, саноат маҳсулотларининг 11 фоизи ишлаб чиқарилади.

Сўнгги икки ҳафтада карантин талаблари юмшатилиши натижасида Қашқадарё вилоятида 90 фоиз, Самарқанд вилоятида 60 фоиз корхоналар ўз фаолиятини тиклади. Лекин аҳолини даромад билан таъминлаш учун бу етарли эмас.

Камбағал оилалар сони Қашқадарёда 91 мингта, Самарқандда эса 48 мингтани ташкил этади. Бу вилоятларнинг ҳар бирида юз мингдан ортиқ ишсизлар бор.

Президент Мирзиёев қийинчиликка дуч келаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш ҳудуд раҳбарларининг энг устувор вазифаси бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Қашқадарё вилоятида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 75 фоизи республикага бўйсунадиган корхоналарга тўғри келади. Касби, Қамаши, Миришкор, Нишон ва Чироқчи туманларида саноат деярли йўқ.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига вилоят ҳокимлиги билан биргаликда мазкур туманларда саноатни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Вилоятда етиштириладиган пахта толасининг атиги 42 фоизи қайта ишланиши қайд этилиб, янги тикув-трикотаж корхоналари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, олтингугурт, марганец, ферро-силиций, гипс, доломит ва бошқа хомашё захираларидан талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳри аҳолиси 600 мингдан ошди. Ҳозирги уй-жой салоҳияти ва инфратузилма эҳтиёжни қондира олмайди. Шу боис шаҳарни Пастдарғом, Нуробод, Самарқанд туманлари томон кенгайтириш, янги мавзелар, “йўлдош шаҳарлар” барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу йўналиш вилоят учун яна бир ўсиш нуқтаси бўлади, минглаб иш ўринлари яратилади.

Самарқанд вилоятида 120 та норуда конлар мавжуд бўлиб, улардан 33 таси саноат йўли билан ўзлаштиришга жалб қилинмаган. Мисол учун, 5,1 миллион куб метр керамзит ва пардозбоп тошлар, 200 минг тонна ферро-силицийни саноат усулида қайта ишлаш имконияти бор.

Мутасаддиларга мавжуд конларнинг муҳандислик инфратузилма таъминотини ўрганиб, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. 

Саноати орқада бўлган туманларни ривожлантириш, “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Нуробод туманидаги қисмини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Вилоятдаги тўқимачилик корхоналари 37 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Лекин ҳозирда уларнинг атиги 48 фоизидан фойдаланилмоқда, холос.

Шу боис, тўқимачилик саноати қувватларининг ишлаш даражасини ошириш, вилоятдаги 2 та пахта-тўқимачилик кластерида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўтган йиғилишдаги топшириққа мувофиқ, Самарқанд вилоятида ҳунармандчиликнинг муайян йўналишларига ихтисослашган 217 та эски қишлоқ тарихи, маҳаллий аҳолининг азалдан шаклланган кўникмалари ва “ўсиш нуқталари” ўрганилди. Бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам бошлаб, аҳоли бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Каттақўрғон ва Нуробод туманларидаги 1 минг 200 гектар лалми ва яйлов ерларни Каттақўрғон шаҳри аҳолисига фойдаланишга бериб, 5 минг кишини иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё вилояти Самарқанд вилояти Карантин

Баҳолаганлар

258

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг