Имомали Раҳмоннинг “сиёсий вориси” ҳам сайловда овоз берди

Олам

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 11 октябрь куни Тожикистон Республикаси Президент сайлови бўлиб ўтмоқда. Сайловда мамлакатни 26 йилдан бошқариб келаётган Имомали Раҳмоннинг “сиёсий вориси” ва ўғли – Олий Мажлис раиси, Душанбе шаҳри ҳокими Руста Имомали овоз бериш жараёнларида иштирок этди. 

У овоз бериш учун Душанбе шаҳрининг Исмоили Сомони туманининг 2-сайлов округи, 15-сайлов участкасига борди.   

Мамлакат қонунчилиги талабларига мувофиқ, Рустам Имомали кўплаб халқаро кузатувчилар, сиёсий партиялар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида овоз берган. 

Овоз бериш жараёни соат 20:00 да якунланади. Беш номзод давлат раҳбари лавозимига даъвогарлик қилмоқда. 

Улар орасида Мустақил касаба уюшмалари федерацияси, Ёшлар иттифоқи ва Тожикистон Халқ демократик партияси томонидан номзод қилиб кўрсатилган амалдаги Президент Имомали Раҳмон ҳам бор.

Шунингдек, сайловларда социалистлардан Абдуҳалим Ғаффорзода, Тожикистон Иқтисодий ислоҳотлар партиясидан Рустам Раҳматзода, коммунистлардан Мирож Абдуллоев ва аграрлардан Рустам Латифзода иштирок этмоқда.

Президентлик сайловида Тожикистонда мавжуд 7 та сиёсий партиядан бештасининг номзоди иштирок этмоқда.

Тожикистонда сайловчиларнинг умумий сони 4 млн 900 минг 545 тага тенг бўлиб, улар 68 та сайлов округларида жойлашган сайлов участкаларида муносиб номзодларга овоз берадилар. 

Шунингдек, овоз бериш учун 29 та мамлакатда 39 та сайлов участкалари очилган. 

Маълумот учун, Тожикистондаги сайловларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси бошчилигидаги делегация ҳам кузатиб бормоқда.

Мамлакатнинг амалдаги Президенти Имомали Раҳмон 1994 йилдан буён президентлик курсисини эгаллаб келмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Рустам Имомали Тожикистон Президенти сайлови

Баҳолаганлар

172

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг