Гулнорани отаси кечирмаганда, халқ нега кечирсин?

Таҳлил

image

Яқинда хизмат сафари билан хорижда бўлдим. Уйга совға-саломсиз қайтмай, деб бироз дўконларга бош суқдим. Орада ўша ерлик дўкондорлардан бири билан суҳбатлашиб қолдим. 

— Ўзбекистонданмисиз?
— Ҳа.
— 7-8 йилдан бери Ўзбекистонга бормайман. Хафа бўлганман. 
— Нега?
— Бундан анча йиллар илгари Ўзбекистонга бориб, бизнесимизни бошлаганмиз. Ҳаммаси яхши кетаётганда, йўлимизда тўсиқлар чиқа бошлади. Кейин бизнесимизга Гулнора Каримова шерик бўлишни истаётганини айтишди. Биз рози бўлмадик. Кўп ўтмай устимиздан иш очишди, гуллаб турган дўконларимиз эса Гулнора Каримованинг ҳамтовоқларига ўтиб кетди. Ўзим эса Ўзбекистондан чиқариб юборилдим. 

Мен хорижда дуч келган кишининг оиласи ҳамон Тошкентдан яшаркан. У 8 йилдирки турмуш ўртоғи ва фарзанди билан яшашдан мосуво.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, 2013 йилгача мамлакатда чексиз қудрат ва имкониятлар соҳибаси бўлган Гулнора Каримова ҳақидаги тортишувлар, уни оқлашга бўлган уринишлар ҳақидаги баҳс-мунозараларни ўқиб туриб, бундан 5 ой аввал хорижда дуч келганим ўша киши хаёлимдан ўтди ва савол туғилди: Гулноранинг зулмидан азият чеккан, ним табассуми ортидаги қабиҳликлар азобини тортганлар қанча экан яна... ким бизнесидан, ким оиласидан, яна кимлар озодликдан маҳрум бўлди.

Сиёсатшунос, иқтисодчи, элчи, шоира, дизайнер, заргар, хонанда, спортчи, маданият ва санъат ҳомийси. Бир аёл бўлса, шунчалар бўлар дерсиз. Бу рутбалар орасида фақат панада, айтиладигани бугун юзага чиқди: ЎҒРИ! Гулнора шунчаки пул ўғриси эмас, жамиятнинг келажаги, халқнинг орзулари, минглаб одамларнинг ҳузур-ҳаловати, оилаларнинг бахти ва тинчлиги ўғриси ҳам бўлди. 

Мен Гулноранинг халқ кўз ўнгида маданият ва санъат ҳомийси, ёшлар етакчиси ниқобида майдонга кириб келаётган йилларини яхши эслайман. 2005 йил эди ўшанда. Лойиҳалар “Янги авлод” болалар фестивали билан бошлади ва йилдан йилга қулоч ёзиб бораверди. Кино, эстрада ва спорт оламининг таниқли юлдузлари ташрифи, улар билан тушлик, куйланган дуэтлар... кўп нарса ўзгарди. Гулноранинг мавқеи ошиб бораверди, тўғрироғи сунъий оширилди. Боиси куйланган дуэтлар-у ўтказилган кечалардан халқ манфаат кўрмади. Унинг яшаш шароити ўзгармади. Ўзбекистонга фалон миллион долларга эга чиқиб Криштиану Роналду келди, Жерар Депарьде келди. Аммо қишлоқларга газ бормади, халқ ўз ёғига қовурилиб, хоним Каримованинг шоҳона ҳаётини ТВдан томоша қилишда давом этаверди. 

“Келажак овози”, “Мингта тўй”, “Асрлар садоси”, “M&TVA” каби ўнлаб лойиҳалар Гулноранинг шуҳратини оширган бўлса бордир. Лекин, буларнинг бирортаси Гулноранинг маблағларига эмас, балки қон қахшатилган, зуғум ўтказилган тадбиркорларнинг пуллари эвазига топилган шуҳрат бўлди. Гулнора билан шерик бўлмаган, тайёр бизнесининг ярмини Каримова билан бўлишмаганлар бошига не-не кулфатлар солинди. Ўша вақтдаги куч тизимлари, прокуратура, солиқ идораси шериклигида тадбиркорлар фаолиятига тўсиқлар қўйилди. Ишидан хато ва камчиликлар топилиб, қамалди, Гулнора эса пишиб турган ошга эга чиқди. Шу боис у нафақат пул ўғриси, балки бахт ўғриси, оилаларнинг халоват ўғрисига айланди. 

Йилига ўнлаб хориж юлдузларининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатга нима берди? Обрў, мартаба, бойлик, тинчлик, фаровонлик? Ҳеч нарса бергани йўқ. Хоним Каримованинг кўнгилхушлиги жуда қимматга тушди ва бу пуллар ўша қўли меҳнатдан қаварган, юзи офтобда қорайган, йиллар давомида давлатдан эътиьбор кутиб келган халқнинг пешона териси билан топилганди. 

Гулноранинг нафси, ҳокимиятга бўлган интилиши шу қадар ҳакалак отдики, у Ўзбекистон медиабозоридаги барча оммавий ахборот воситалари фақат ва фақат ўзига ишлашини талаб қилди. 2008 йилгача Гулноранинг номи фақат хусусий нашрлар ва нодавлат телеканалларда тилга олинган бўлса, ундан кейинги йилларда Гулнора бутун ОАВни эгаллади. Ҳар ҳафта газеталарда унинг лойиҳалари ҳақида мақолалар чиқарди. ТВ уни кўрсатмаган кун йўқ эди. Радиоларда тинимсиз унинг қўшиғи қўйиларди. Айниқса, 2012 йилда куйлаб чиққан “Отам” қўшиғи кунига беш маҳалдан радиоларда қўйилиши мажбурий бўлганди. Гулнорани улуғлаш, уни маъбудага айлантириш шу даражага бориб етдики, у ҳақда шеърлар битилди, қўшиқлар айтилди. Ҳатто, охирги йилларда ўтказилган “Асрлар садоси” фестивалида лапарчилар “Гулнорахон, бўйлариздан айланай” деб лапар айтиб чиқди, хоним Каримова рақсга тушди. 

Шуҳрат ва имкониятлар бобида чегарасиз Гулнора иқтисод ва сиёсат соҳасида таҳсил олган бўлса ҳам, маданият ва санъат орқали сиёсатга эгалик қилмоқчи бўлгани сир эмас. У мавқе борасида унча-бунча сиёсатчидан устун бўлишга ва ўша ўғриланган пуллар эвазига қилган лойиҳалари билан халқнинг ишончини қозонишга уринди. Гулноранинг қўшиқ айтиб чиққанини эслайсизми? Унинг биринчи қўшиғи “Унутма мени” эди. Ҳатто, бу қўшиқ ҳам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқованики бўлган. Йиллар ўтиб у инглиз тилидаги қўшиқлар тўпламини ва қадимий Бухорода суратга олинган клипини тақдим этди. Бошқа хонанданинг бундай клипига қарши дарров танқидий мақолалар билан чиқиш қиладиган мусиқашунослар, журналистлар Гулнорага келганда кўтарган калтагимнинг бир учи ўзимга келиб тегмасин деб сукут сақлади. Фақат олқишлади! Олқишладик! “Юксак маънавият – енгилмас куч”лиги ярмига қадар очилган ва кўз-кўз қилинган сийналарда намоён бўлди. Ўша клипдаёқ у Президентнинг қизи ва сиёсатчи номига нолойиқ эканини исботлади. 

2013 йил. Ота-ота, деб бақирарди Гулнора Каримова қароргоҳ сарҳадларида. Уни, ҳатто, отаси ҳам қабул этмади. Қизининг чегарадан чиққан хурмача қилиқларига кўз юмилмади. Ўмарилган пуллар шунчаки ўзлаштирилишига ва қонунлар Гулнорага келганда ишламаслиги йўл қўйилмади. 2013 йил охирларида Гулнора Каримова ижтимоий тармоқларда фаол бўлди. Фонд форум ва унга боғлиқ бошқа ширкатлар ёпилгани, солиқ идоралари томонидан текширув бошлангани, кўплар ҳибсланганини маълум қилди ва ҳеч қандай айб қилмаганини, бу ишлар унга қаратилган операция эканини айтиб чиқди. Ҳали синглиси, ҳали онаси, ҳатто, отасига қарши изоҳлар ёзишни бошлади. У постларидан бирида онаси ва синглисининг жодугарлик билан шуғулланиши айтиб чиқди. Кўп ўтмай, бундай постлар орасига отасининг номи аралашди. Ўша вақтларда кўпчиликда бир савол туғилганди: ота-онасига яхши фарзанд бўла олмаган, жигарликнинг қадрини билмаган одам халқнинг қадрини билармиди, уни яхши кўрармиди?

Ўша йилларда Гулноранинг фарзандлари, тўғрироғи ўғли интернетда яна шов-шув кўтарди. Онаси бир неча ой аввал заҳарланганини, синглиси оғир касал эканини, хуллас, уларга ҳам руҳий, ҳам молиявий, ҳам тиббий кўмак зарурлигини, агар вақтида тиббий муолажалар қилинмаса, ҳаётлари хавф остида қолиши мумкинлигини иддао қилиб чиқди. Ўшанда 2013 йил эди. Орадан 6 йил этди. Олти йилдирки, Гулноранинг фарзандлари онасининг касаллигини айтиб, халқнинг эътиборини тортади. Ўтган даврларда нобоп экология, тоза ичимлик суви етиб бормагани, қаҳратон қишда газ ўрнига кўмир, тезак ёқилгани, ўз юртидан иш тополмай, Москва кўчаларини тозалагани ортидан касал бўлганлар-чи, улар одам эмасми, уларни онангчалик қадри йўқми ё уларнинг боласи йўқми, дегинг келади. 

Шу кунларда Гулноранинг озод этилиши билан боғлиқ масала яна кун тартибига чиққан. Буни давлат эмас, турли шов-шувлар, иғволар ва “онам касал” қабилидаги постлар билан фарзандлари асосий мавзуга айлантирмоқда. Уларни қўллаётганлар халқ дардидан узоқ, қўлини совуқ сувга урмаган ҳамтовоқлар. Халққа қўйиб беринг-чи нима деркин? Хўш, нима учун ноиложликдан ўғриликка қўл урган бир бечоранинг боласи қонун олдида жавоб бериши керагу шаҳона ҳаёт кечириб, одамларни оёқ учида кўрсатгани етмагандек, халқнинг, тадбиркорларнинг пулига эга чиққан Гулнора жазодан четда қолиши керак? Нега?


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

1214

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг