Мирзиёев куз-қиш мавсумидан ташвишда

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда кутилаётган куз-қиш мавсумидан ташвишда. Бу ҳақда Президент кеча, 5 сентябрь куни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлаш бўйича ўтган йиғилишда маълум қилди. 

“Куз ва қишга тайёргарлик, аҳолимизга газ ва электр энергияси, кўмир, суюлтирилган газни етказиб бериш нуқтаи назаридан ўтган йилги камчиликларимиздан ҳисобот келтириб, бу йил биз нималарга эътибор беришимиз керак, қандай чоралар кўришимиз керак? Жуда катта камчиликларимиз бор ва бу камчиликлар мени ташвишга соляпти”, дейди давлат раҳбари. 

Куз-қиш мавсумида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплаш ҳамда экспортни таъминлаш, бунинг учун табиий газ қазиб олишни кўпайтириш дастурини самарали бажариш зарурлиги таъкидланди. Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлигига истеъмолчилар эҳтиёжини қондириш имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш юзасидан топшириқ берилди.

“Ўзтрансгаз”, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятларига 1 ноябргача 93 километр газ тармоғи ва 172 та газ тақсимлаш пунктини реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш, ерости омборлаарида газ захирасини шакллантириш вазифаси қўйилди. “Муборакнефтгаз” ва “Газлинефтгазқазибчиқариш” корхоналарида янги компрессор станцияларини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Куз-қиш мавсумида аҳоли эҳтиёжи учун 245 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кўзда тутилган. Йиғилишда давлат раҳбари ҳар бир ҳудуд кесимида аҳоли эҳтиёжини чуқур ўрганиб, зарурат бўлса, қўшимча суюлтирилган газ етказиб бериш кераклигини таъкидлади.

Муборак газни қайта ишлаш заводи, “Газлинефтгазқазибчиқариш” ва “Шўртаннефтгаз” корхоналарида пропан-бутан аралашмаси олиш ускуналарини ишга тушириш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Шунингдек, жорий йилги мавсумда электр энергиясига талаб ўтган йилгига нисбатан 11,5 фоизга ошиши кутилмоқда. 

Шу боис Энергетика вазирлигига октябрь ойида иссиқлик электр станцияларида 7 та энергоблок, 7 та қозон агрегати, битта газ турбинаси ва битта буғ-газ қурилмасини капитал таъмирлаш бўйича топшириқлар берилди. 

Жорий йил якунигача Навоий иссиқлик электр станциясида қуввати 450 МВт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини фойдаланишга топшириш, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида қуввати 450 МВт бўлган биринчи буғ-газ қурилмасини тўлиқ лойиҳа қувватига олиб чиқиш ҳамда иккинчи буғ-газ қурилмасини ишга тушириш зарурлиги қайд этилди. Декабргача 3,5 минг километр электр тармоғини ҳамда 1 минг 171 та трансформатор пунктини реконструкция ва модернизация қилиш чоралари кўрсатиб ўтилди.

Энергетика ва молия вазирликлари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига куз-қиш мавсумида аҳолининг кўмирга бўлган талабини тўлиқ қондириш бўйича топшириқлар берилди. Ташишда имтиёзларни қўллаган ҳолда, кўмирни аҳолига етказиб бериш нархлари юқори бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

“Одамларнинг жуда катта талаби бор ва иқтисодий тармоқларимизни, ўрта ва кичик бизнес, тадбиркорлик фаолиятимизни қишда қишда электр энергияси, газ билан таъминлаш бўйича ҳозирдан шартномани тузишимиз керак. Кафолатланган бўлиши керак. Қишга жуда оз вақт қолди. Тизим бор, кўмирни олиб келиб, халқимизга яхшисини олиб бориб бериб, пулини арзон қилиб, кунбай эмас, соатбай тизимга ўхшаб, ижтимоий объектларимизни, иқтисод тармоқларимизни жой-жойига қўядиган қилишимиз керак”, дейди Мирзиёев. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Куз-қиш мавсуми

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг