Ҳукуматнинг яна бир қарори кучга кирмасдан ўзгартирилади...ми?
Жамият
−
25 Июнь 2019
8399Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 1 декабрдаги қарори билан жорий йил 1 июлдан ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши шартлиги, мобил видеокамераси бўлмаган ЙПХ ходимига ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эгалиги ҳақида хабар берган эдик.
Афтидан, ЙПХ ходимлари мобил камералар билан ишлашига тайёрмас кўринади. Йўқса, Ички ишлар вазирлиги юқорида айтилган қарорга ўзгартиш киритиш бўйича янги қарор лойиҳасини ишлаб чиқмаган бўларди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида ИИВ томонидан ишлаб чиқилган Ҳукумат қарори муҳокамага қўйилди. Қарор билан ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши шартлигини 1 июлдан 2020 йил 1 январга кўчириш белгиланган.
Шунингдек, ҳайдовчилар ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видеоларни Интернет жаҳон ахборот тармоғига ўзининг рухсатисиз тарқатиши мумкин эмаслиги тўғрисида банд киритиляпти.
Бу қарор лойиҳасидан битта хулосага келиш мумкин, ИИВ ўз ходимларининг тартиби, қонунга тўла амал қилиб, ҳалол ишлашини кафолатлай олмайди. Энг ёмони шуки, кафолатлай олмагани етмаганидек, уларни Ҳукумат қарори билан ҳимоя қилишга уриняпти. ЙПХ ходимининг розилигисиз интернетга жойлаши мумкин эмасмиш...
Қарор лойиҳаси жорий йил 29 июнгача муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, охирги вақтларда Ижро этувчи ҳокимиятнинг қарорларига ё ишга тушмасидан, ё ишга тушгандан бироз ўтиб, ўзгартиришлар киритиляпти. Бунга автомобиль чироқларини ёқиб юриш шартлиги ва мажбурий мактаб формалари тўғрисидаги қарорларга киритилган ўзгартиришларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. "Фара"ларни ёқиб юриш мажбурияти ҳайдовчилардан олиб, автомобиль ишлаб чиқарувчиларга юкланди, мажбурий мактаб формаси эса 2024 йилга кечиктирилди.