Иссиқкўлдаги пансионатлар карантинга ёпилди
Олам
−
20 Март 2020
6404Қирғизистонда Иссиқкўл соҳилидаги пансионат, мотеллар ва дам олиш уйлари коронавирус туфайли ёпилди. Бу ҳақда бугун 20 март куни Иссиқкўл вилояти маъмурияти матбуот хизмати хабар қилди.
Жорий йилнинг 18 март куни Қирғизистонда коронавируснинг биринчи ҳолатлари эълон қилинди. Касаллик Жалолобод вилоятининг Сузак туманида яшовчи учта одамда тасдиқланган.
Бугун, 20 март куни ҳам Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўш вилоятининг Новқат туманида яшовчи уч кишида коронавриус аниқланганини маълум қилди. Уларнинг барчаси яқинда Саудия Арабистони ва Қувайтдан қайтган фуқаролар ҳисобланади.
"Коронавирусга қарши курашиш бўйича минтақавий штаб йиғилишида Иссиқкўл вилоятидаги пансионатлар, санаториялар ва дам олиш уйларини вақтинча ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинди", дейди маъмурият вакили.
Иссиқкўл - Қирғизистоннинг асосий курортлари жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Ҳар йили миллиондан ортиқ сайёҳлар қирғоқдаги пансионатлар ва мотелларга ташриф буюришади. Иссиқкўлда Ўзбекистон Республикасига тегишли санаториялар ҳам бор.
2016 йил 4 апрелида Қирғизистоннинг ўша пайтдаги Бош вазири Темир Сариев Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли “Дилором”, “Роҳат”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисида қарор имзолади.
Кейинчалик, 2017 йилнинг декабрида Қирғизистон Парламенти пансионатларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича Тошкент билан имзоланган шартномани ратификация қилган ва шундан сўнг, ўша пайтдаги Бош вазир Сапар Исоқов тўрт пансионатни Ўзбекистонга қайтариш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Аммо пансионатлар Ўзбекистонга қайтарилмагани сабабли 2017 йилда расмий Тошкент Халқаро арбитраж судига даъво билан чиққан эди.
LiveБарчаси
26 Ноябрь