Ниҳоят Ўзбекистонда ҳам Tax-free тизими жорий этилади
Жамият
−
07 Март 2020
11109Ўзбекистонда 2020 йил 1 июлдан товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax-free) тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax-free) тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида сўз боради. Қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Унга кўра, 2020 йил 1 июлдан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax-free) тизими жорий этилади.
Таъкидланишича, 2 ой муддатда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистонда товарларни сотиб олишда тўланган ҚҚСни қайтариш тартиби тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
2020 йилнинг 1 июлига қадар Uzbekistan Airports АЖ билан биргаликда махсус қайтариш пунктлари Ўзбекистоннинг халқаро аэропортларида жойлаштирилади. Улар зарур ускуналар ва замонавий техник воситалар билан жиҳозланади.
Шунингдек, Tax-free тизими иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш имконини берувчи Tax-free тизимининг Ягона электрон маълумотлар базаси ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига тегишли ҳисоб-китобларга асосан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қўшилган қиймат солиғини қайтариш учун зарур бўлган маблағларни ҳар ой якунлари билан Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумларни камайтирган ҳолда ажратиб боради.
Қарор лойиҳаси 21 мартга қадар муҳокама қилинади.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь