Европанинг 500 дан ортиқ фуқароси Хитойдан олиб чиқилди
Олам
−
10 Февраль 2020
3628Европа Иттифоқи коронавирус тарқалишига қарши курашиш доирасида беш юздан ортиқ Европа фуқаросини Хитойдан ўз ватанига олиб келди. Бу ҳақда 10 февраль, душанба куни Инқирозли вазиятларни бошқариш бўйича Европа комиссиясининг аъзоси Жанеш Ленарчич маълум қилди.
"Европа Иттифоқи коронавирус билан боғлиқ бўлган ўз механизми бўйича ҳаракат қилди. Ташкилотга аъзо давлатлар зарур чораларни мувофиқлаштирди. Шу ўринда, Европанинг 500 дан ортиқ фуқаросини Хитойдан олиб чиқиб, уларни ўз ватанларига қайтариш жараёни муваффақиятли кечганини таъкидламоқчиман”, деди у. “Марказимиз куну тун ишлайди. Биз коронавирус билан боғлиқ эҳтимолий қарши чоралар устида ҳаракат қиляпмиз”, дея қўшимча қилди еврокомиссар.
Жанеш Ленарчичнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи зарур ҳолатларда ёрдам кўрсатиш, шунингдек, касаллик тарқалишининг олдини олиш йўлида Хитой ҳукумати билан доимий алоқа ўрнатган.
"Хитой бизга қўшимча шахсий ҳимоя воситалари, масалан, қўлқоплар ва ниқоблар зарурлигини айтди. Биз ўз имкониятларимизни ва ЕИ хитойлик ҳамкасбларимизга нимани таклиф қилиши мумкинлигини кўриб чиқмоқдамиз. Бу борада айрим ишлар амалга оширилди. Масалан, Еврокомиссия ҳомийлигида Германия ва Франциядан 12 тонна маҳсулот жўнатилди”, деди Ленарчич.