Карантинда “снос” можароси: Янгийўлдаги бузиш ишлари нима сабабдан амалга оширилди?

Таҳлил

Бир неча кун аввал Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Бунёдкор” МФЙ ҳудудида аҳоли биноларнинг бузилиши ижтимоий тармоқларда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Хўш, айни карантин вақтида бу бинолар нима сабабдан бузилди? Ўша ердаги фуқаролар ва давлатнинг масъул шахслари масалага қандай изоҳ беради? Ҳолат юзасидан QALAMPIR.UZ таҳририяти ўз журналистик суриштирувини олиб борди.

Фуқаролардан бири Шавкат Бобожоновга кўра, жорий йилнинг 28 апрель куни эрталаб, туман ҳокими ўринбосари Азиз Акромов, туман прокурори Музаффар Рашидов ҳамда бошқа мутасаддилар уйни бузувчи шахслар ва техникалар билан маҳаллага кириб келган. Фуқароларга биноларни бузишга рухсат берувчи ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилмасдан, бузиш ишларини бошлаган. Қаршилик қилмоқчи бўлган фуқаролар учун карантин қоидаларини бузди, дея тегишли идорага олиб бориш учун алоҳида автобус ҳам жалб қилинган. Шу билан бирга, фуқароларга бинолари бузилиши ҳақида ёзма огоҳлантириш хатлари ҳам берилмаган.

Маълум бўлишича, ҳудудда яшовчи 47 та хонадон вакилларига 2003-2005 йиллар оралиғида туман ҳокими қарори билан “Янгийўл” ширкат хўжалиги ҳисобидан ер ажратилган. Ер майдони суғориладиган ер тоифасидан ҳам чиқарилган. Улар йиллар давомида ердан фойдаланиб келган. Айримлари уй солиб, оиласи билан бирга яшамоқда. Аммо ўтган йиллар давомида фуқароларни на ҳокимлик вакиллари ва на ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилот ходимлари безовта қилган. Мазкур ҳудуддаги ерга бўлган низо икки йил аввал бошланган.

Ёдингизда бўлса, “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинганди. Фуқаролар ўшанда барча ҳужжатларни йиғиб, тегишли ташкилотга топширган. Бироқ ҳокимлик руҳсати бўлмагани боис, ушбу акцияда ҳам иштирок эта олишмаган. Айримларининг тўлаган маблағлари эгаларига қайтарилмаган.

“Ўша вақтлари болаларимиз ёш эди. Уй қуришга эҳтиёж йўқ эди. Мана энди уларга ўз оиласи билан яшашга уй керак бўлмоқда. Уй қуришдан аввал масъул ташкилотдан рухсат сўраб, қурилиш ишларини бошладик. Кадастрга ҳужжатлаштириш ишлари учун борганимиздан сўнг, сарсонгарчилик бошланди. Бир йилдан бери оворамиз. Мутасаддилар бир марта қурган биноларимизни бузишга келганида жанжал билан қайтаргандик. 28 апрель куни карантин вақтида, Рамазон ойида келишиб, уйларимизни бир чеккадан бузиб ташлашди. Фарзандларим Россияда ишлайди. Жўнатган пулларига шу бинони қургандим. Улар бузиб ташлашди. Президентга раҳмат халқини, элини қўлламоқда. Аммо бу ердагилар бунинг аксини қилмоқда. Ўша куни бизникидек бир нечта биноларни бузишди”, дейди Ҳакима Йўлдошева.

Бошқа бир фуқаро Фарруҳ Умаров йиллар давомида ер, мулк ва бошқа солиқларни ўз вақтида тўлаб келганини айтди. Барча ҳужжатлар тайёрланган. Аммо аввалги ҳоким даврида мулкни тўлиқ ҳужжатлаштириш ишлари ноқонуний қурилма важи билан тўхтатиб қўйилган. Баҳодир Бобожоновга кўра, улар бир ташкилотга борса, “ҳаққинг бор, қуравер” мазмунида жавоб олади, ҳокимлик эса бундай ҳуқуқ уларда мавжуд эмаслигини айтади.

Шундан сўнг, ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Янгийўл туман ҳокимлигига бордик. Туман  ҳокими Улуғбек Ялгашев берилган саволларимизга қуйидаги мазмунда жавоб қайтарди.

“Ушбу ҳудуддаги “снос” масаласида масъуллар, депутатлар, ёши улуғлардан иборат таркибда ишчи комиссия туздик. Фуқаролар билан битта-битта учрашиб, масала чуқур таҳлил қилинмоқда. Ўрганиш ишлари якунига етгач, ўша ҳудудни экин экишни амалга оширувчи кооперацияга бириктириб берамиз. У ердаги дарахтлар, ерларни ҳам кўрдингиз. Адашмасам, бир гектар майдонда бўлса бир, 40-50 та дарахт бор. Боғ орасига озуқа бўладиган экинлар ҳам экилмаган. Улар бир неча марта огоҳлантирилган. Бу узоқ жой эмас. Туман марказига яқин жой ҳисобланади”, дейди туман ҳокими.

Биздаги маълумотларга кўра, 2019 йил 4 июль куни ўша вақтдаги ҳоким Тўхтабоев имзоси билан “Бунёдкор” МФЙдаги 160-162-166-контурларида (айнан жанжал бўлаётган контурлар) аҳоли дам олиши учун парк, сайилгоҳ ва шу каби кўнгилочар бино-иншоотлар қурилиши режалаштирилган қарор чиқарилган. Янги ҳокимга бу қарор билан таниш ёки таниш эмаслиги ҳақида сўраганимизда, у мазкур қарор билан тўлиқ таниш эмаслигини айтди. Ушбу ҳужжат ҳуқуқий асосга эга эмаслигини алоҳида таъкидлади. Масалага тўлиқ баҳо тузилган ишчи гуруҳи хулосаси асосида берилишини айтди.

Шундан сўнг, нега айнан бузиш ишлари карантин, Рамазон ойида бошлангани, бу бўйича “юқори”дан алоҳида буйруқ келган-келмагани ҳақида саволлар билан юзландик.

“Бир масала диққатингизни жалб қилишингизни истардим, у ерда бузилган бинолар уй ҳисобланмайди. Шиферлари бир томонлама ёпилган ва уй “шлакоблок”дан бўлмайди. Тумандаги обод маҳалламизга ҳам олиб боришимиз мумкин. Уй бир хил услубда ва бир хил материаллардан қурилган. Бу айнан уйлар битта одамга тегишли эканини билдиради. Биз одамлар яшаб турган уйларига тегмадик ва бу инсонларнинг карантин ҳолатларига таъсир қиладиган нарсалар эмас.

Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги деган масала кетмоқда. Бўш турган ерларга халқимизга нимадир эктиришимиз керак. Ерларни олиб қўйиш мақсад қилинмаган. Кооперация ташкил қилиб, 40-50 та ишчи-ходимга берамиз. Уларга субсидиялар ҳам ажратилади. Яқинда шундай кооперация ташкил қилиб, 80 та инсонни иш билан таъминладик. Буни ўша ердаги аҳоли вакилларига ҳам тушунтирдик. У ерга мева-сабзавот, айниқса, картошка эктирмоқчимиз. Бу ишларни ўзлари амалга оширади. Бошқарувчисини ҳам ўзлари топади. Фақат биз давлат томонидан субсидиялар берамиз, уларга керакли уруғлар ҳам етказамиз. Ёки деҳқон хўжалиги сифатида ҳам ишлашлари мумкин”, дея берилган саволга жавоб қайтарди ҳоким.

Ҳужжатларда ўша контурлардаги ерлар суғориладиган эмас, айнан томорқа ери эканлиги кўрсатилган. Ҳокимлик ва бошқа вакиллар аҳоли ҳудудига борган вақтда эса уларга эгалланган ерлар суғориладиган ерлар деб айтилган. Бу ҳақдаги саволга Улуғбек Ялгашев қуйидагича тушунтириш бериб ўтди.

“Ушбу контурларда суғориладиган ерлар ҳам, суғорилмайдиган ерлар ҳам бор. Нима бўлганда ҳам ўша ерга озуқа экинлари экса бўлади. Айтганимдек, ҳудудда ё кооперация ёки деҳқон хўжалиги ташкил қилинади. Халқ қайсинга рози бўлса, ўша шаклда тузилади. Сувли жой бўлгани боис, турар-жой қурилиши режалаштирилмаган. Масала чуқур таҳлил талаб қилади. Аҳолининг кўпчилиги колхоз вақтидаги ҳужжатларни қўлига кўтариб олган. Ерни мактабда ўқийдиган фарзандининг номига ҳужжатлаштирган. Бу ерда туман ҳокимининг қарори бўлиши керак, деган фикрдаман”, дейди Ялгашев.

Ҳокимга кўра, ҳар бир қарич ер ўзлаштирилиши, унга экин экилиши зарур. Бу бўйича давлат раҳбарининг алоҳида топшириғи бор. Ўша атрофдаги ерлардан бошқа аҳоли вакиллари унумли фойдаланмоқда. Экин экаман, деган аҳолига ҳеч қандай қаршилик бўлмайди.

Янгийўл туман прокурори Музаффар Рашидов айнан жанжал бўлаётган контурларда аҳоли дам олиши учун парк, сайилгоҳ ва шу каби кўнгилочар бино-иншоотлар қурилиши режалаштирилган собиқ ҳоким қарори масаласида тушунтириш бериб ўтди. Унга кўра, лойиҳа кейинчалик тасдиқдан ўтмаган, ер майдони юқоридаги масканлар қурилиши учун талабга жавоб бермаслиги маълум бўлган. Шу сабабли вақт ўтиб, қарор ҳам бекор қилинган.

Туман ҳокимлиги биносидан чиқиб, янада аниқ маълумот олиш учун кадастр бўлими биносига бордик. Тумандан сайланган Олий Масжлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев, Янгийўл туман ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи в.б. Раҳим Жўраев, ўша вақтда низоли ҳудудни бўлиш ишларида бош-қош бўлган масъул Ғайрат Мамажонов, туман депутати Сардор Нигматжоновлар ҳудуддаги ерлар масаласида ўзаро суҳбатлашди.

Хулоса шу бўлдики, “Бунёдкор” МФЙдаги 160-162-контурдаги ерлар фақатгина томорқа ерлари, 166-контурдаги ер таркибида эса кейинроқ қилинган йўқлама ишлари натижасида, ҳайдаладиган ер ҳам, қишлоқ хўжалиги ери ҳам ва томорқа ери ҳам мавжуд бўлган. Томорқа ерларига эса фуқаролар турар-жой қуриши мумкин бўлади. Бироқ савол пайдо бўлади. Нега шунча йиллар давомида уйлар қурилмади? Нега шунча вақт ичида масъуллар ҳам бу ҳолатга жим қараб турди? Шу саволлар ўқувчида қизиқиш уйғотиши табиий. Шу билан бирга, туман прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан жиноят иши ҳам очилгани айтилди. Тергов ҳаракатлари давом этаётгани маълум қилинди.

Юқоридаги тарафларнинг важлари, изоҳлари, мавжуд маълумотлар масалага холис баҳо бера олиш учун катта таҳлилни талаб қилмоқда. Бизга кўриниб турган жиҳатлар айсбергнинг фақатгина учи бўлиши ҳам мумкин. Ҳолат юзасидан алоҳида махсус гуруҳ ишлаши, у ишни холис ўрганиб, ўз хулосаларини тақдим этса, мақсадга мувофиқ бўларди. Биз эса фуқароларнинг ёки масъулларнинг тўлиқ ёнини олишдан, ёки қоралашдан ҳам йироқмиз. Нима бўлганда ҳам фалокатлар юз бераётган айни вақтда, сиҳ ҳам, кабоб ҳам куймаслиги тарафдоримиз. QALAMPIR.UZ ҳозирча воқеалар ривожини кузатади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев Янгийўл тумани снос Музаффар Рашидов Улуғбек Ялгашев

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг