Ёнаётган автобусдан 50 кишини қутқарган ўзбекистонлик кимлиги маълум бўлди
Олам
−
04 Декабрь 2019
12720Аввалроқ, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳайдовчи ёнаётган автобусдан 50 нафар одамни қутқариб қолгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси Приморья шоссесида ичида 50 нафар йўловчиси бўлган 211-йўналишдаги автобус ёниб кетгани тўғрисидаги хабарни тасдиқлади. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар берди.
Aвтобус ҳайдовчиси – Ўзбекистон фуқароси Aбдуманнон Қаршиевнинг тезкор ва тўғри ҳаракатлари сабабли ҳеч ким жабрланмади. У автобус ҳайдовчиси сифатида “Третий парк” ОAЖда 2016 йилдан буён меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.
Ташкилотдан олинган хабарларга кўра, автобус стандарт йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган бўлган. Ҳайдовчи орқани кўрсатувчи кўзгудан қора тутунни кўриб, автобусни тўхтатади, барча эшикларни очиб эвакуация эълон қилган. Йўловчилар саросимга тушмай, муваффақиятли равишда автобусдан чиқишга муваффақ бўлишган, улардан ҳеч бири жароҳатланмаган. Ҳайдовчи эса ўт ўчириш воситалари орқали алангани мустақил бостиришга ҳаракат қилган.