Светлана Ортиқова ким? Унинг қандай ўтмиши бор?
Бу қизиқ
−
07 Ноябрь 2019
50444Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Светлана Ортиқова бугун, 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Сенатор учун бу маскан бегона эмас. У собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров даврида ушбу даргоҳда салмоқли фаолият юритган ва давлат раҳбарияти назарига тушган. Хўш, Ортиқова хоним ким? У ҳақида нималар биламиз?
Светлана Ортиқова 1962 йилнинг 1 январь куни Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий, ҳукуқшунос. 1987 йилда ҳозирги Тошкент давлат юридик университетини тамомлаганКўп йиллар Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси идораларида хизмат қилган, 2010-2014 йиллари Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси вазифасида фаолият кўрсатган.
Ортиқова 1980-1988 йилларда Наманган вилояти Учқўрғон тумани прокуратурасида турли лавозимларда фаолият юритган. 1998-1990 йилларда Наманган шаҳри прокурорининг катта ёрдамчиси, 1993-1996 йилларда Бош прокуратурада прокурор, 1998-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қонунларни мувофиқлаштириш ва ҳуқуқий тарғибот департаменти катта прокурори, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қонун ҳужжатларини ҳуқуқий тарғибот бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.
2010 йил 22 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Светлана Ортиқова иккинчи чақириқ Олий Мажлис Сенатининг аъзоси этиб тайинланди. У Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасини бошқарган.
Светлана Ортиқова Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати раҳбари ўлароқ фаолият юритган кезлари яққол кўзга ташланган. Айниқса, 2005 йилда рўй берган Андижон воқеаларидан кейин кўплаб халқаро оммавий ахборот воситаларида Бош прокуратура расмийси сифатида берган интервьюси давлат раҳбарияти эътиборига тушган.
2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари лавозимига тайинланган. 2015 йил 20 январда у Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Сенат аъзоси этиб тайинланди ва Сенат раиси ўринбосарлигига сайланди.
Светлана Ортиқова 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов уни Сенат аъзолигига тайинлар экан, шундай деган эди:
“Ўйлайманки, бу кишини ҳам кўпчилик, шу залда ўтирганларнинг барчаси яхши билади. Аввало, унинг етарли билим ва тажрибасини, малака ва маҳоратини, обрў-эътиборини юксак баҳолайди, десам, хато бўлмайди”.
LiveБарчаси