Самарқандда ИИБ ходимлари тадбиркор аёлга куч ишлатди (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари аёл кишига куч ишлатаётгани тасвирланган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ҳокимининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси, матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев муносабат билдирди. 

Mаълум қилинишича, видеода тасвирланган ҳолат кеча, 13 ноябрь куни Тойлоқ тумани Илмобод маҳалласида содир бўлган. 

Аниқлик киритилишича, фуқаро Л.Э. ва З.Ж. Самарқанд вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси Тойлоқ туман филиали балансида бўлган 10 сотих ер майдонини ноқонуний равишда эгаллаб,  атрофида узунлиги 25 метрдан иборат девор қуриб олган. 

Мазкур ер майдони эса ичимлик суви иншоотини қуриш бўйича Тойлоқ тумани ҳокимининг 2019 йил 18 апрелдаги 1045-сонли қарори билан “Сувоқова” давлат унитар корхонаси ҳисобига ўтказилган бўлган. 

“Ерга даъво қилаётган фуқаро  Л.Э.да ерга эгалик ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмас. Шу боисдан Кадастр палатаси Тойлоқ туман филиали томонидан ўзбошимчалик билан қуриб олган деворни ўз хоҳиши билан белгиланган муддат ичида бузиб, ўз ҳолига қайтариб қўйиш бўйича огоҳлантириш берилган. Бироқ фуқаро огоҳлантиришларга қарамай, ноқонуний қурилган деворни бузмаган”, дейилади матбуот котиби берган муносабатда.

Қайд этилишича, ушбу ер майдонига ичимлик суви минорасини қуриб, Илмобод ҳамда Бунёдкор маҳаллалари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида кеча, 13 ноябрь куни вилоят ҳамда туман ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ иштирокида мазкур девор бузилиб, ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Бузиш вақтида эса фуқаро Л.Э. ҳамда унинг қариндошлари жараёнга фаол қаршилик кўрсатган. Шу боис жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудга ИИБ ходимлари ҳам жалб қилинган.

Бироқ ҳокимлик муносабатида ходимларнинг фуқароларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиши ва жисмоний куч ишлатиши билан боғлиқ ҳолатга ҳеч қандай изоҳ берилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

жанжал Самарқанд тадбиркор ИИБ Тойлоқ тадбиркор аёл куч ишлатиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг