Автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиганларга жавобгарлик белгиланади

Жамият

image

Автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама этилди.

Депутатлар дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида кўплаб муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказилди. Ушба жараёнда фракция депутатлари ҳам фаол иштирок этиб, янги ташкил қилинаётган кичик бизнес субъектларига маълум муддат солиқ имтиёзи бериш, мавсумий ишлар билан банд аҳолига мавсумдан ташқари пайтда – тадбиркорлик фаолиятини юритмаган даврда солиқ таътили жорий этиш каби таклифларни илгари сурди. Мазкур таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топди.

ЎзХДП фракцияси аъзолари иккинчи ўқишга тайёрланган ушбу қонун лойиҳасини партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, қизғин муҳокама қилди ва таклифларини баён этган ҳолда, уни қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, депутатлар Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ташаббуси билан киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш, муҳандислик коммуникацияси тармоқларини қуриш-таъмирлашда шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг йўл қопламасини демонтаж қилиш ҳамда тиклаш бўйича ишларни назорат этишда муҳим омил бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш органлари ваколатларини белгиловчи алоҳида янги 2684-модда киритиш таклиф этилмоқда. Яъни, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек, йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш ва йўл-қурилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишига тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

Фракция аъзолари мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг ваколатлари аниқ белгиланганини алоҳида эътироф этди.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг