Салимбой ва Ғафур Раҳимовнинг жиноятчиликка алоқаси бўлганми?
Интервью
−
19 Март 2019
115049Хабарингиз бор, кеча, 18 март куни QALAMPIR.UZ томонидан 1991-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири сифатида фаолият юритган, айни дамдаги Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокир Алматович Алматов билан эксклюзив интервью тақдим этилган эди.
Зокир Алматович мазкур интервьюда Ўзбекистон мустақилликка эришгунгача бўлган даврларни, айниқса, 1989-1990 йилларда уюшган жиноятчилик авжига чиқиб кетганини хотирлади.
Ўша вақтларда Салим Абдувалиев ва Ғафур Раҳимовнинг номи халқ орасида машҳур бўлган. Уларга жиноятчи сифатида қараганлар ҳам топилган. Зокиржон Алматов бу масалага ҳам тўхталиб, Абдувалиев ва Раҳимов ҳақида гапирди.
“Салим Абдевалиев “кўча”нинг боласи бўлмаган. У эскидан бизнес билан шуғулланган. Унинг отаси оддий деҳқон, колхоз раиси бўлган. Мен бу инсонни жуда яхши биламан. Унинг қўли қонга буланганини ёки бошқа нарсаларни мен эшитмаганман, кўрмаганман. У ўзига яраша катта ақлга эга, обрўга эга одам.
Халқимизни ичида шу инсон тўғрисида ҳар хил гаплар чиқиб кетди. Агар у жиноят содир этганида, аяб ўтирилмасди. Ўша совет пайтидаёқ жиноий жавобгарликка тортилиб кетган бўлар эди”, дейди Зожиржон Алматов.
Зокиржон Алматов сўзида давом этаркан, Ғафур Раҳимовдан ҳам бутун ўзбек халқи ғурурланиши кераклигига тўхталди.
“Иккиси ўз вазифасини ҳозир ҳам аъло даражада бажаряпти. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўзбекдан чиққан инсон АIBA’нинг президенти бўлиб турибди. Ўзбекистоннинг фахри бу. Улар ватанпарвар. Ўзбек спортчиларининг битта олимпиадада 7 та медаль олганини қачон кўргансиз? Олдинда ҳали жуда катта марралар турибди. Бу йигитларнинг ҳам ёши анчага бориб қолди. Булар энди қўлидан келган ҳамма нарсани қиладики, ўзбекни спорти ривожлансин.
Булар жиноятчи бўлган, кўчани боласи, деб одамлар гапираверади. Ким кўчанинг боласи бўлмайди. Мактабдан кейин кўчада юрасиз. Йигитчиликда баъзи биров билан урушади, сўкишади. Спорт билан шуғулланасиз. Лекин жиноят ботқоғига ботиб кетмаслик бу умуман бошқа нарса”, дейди Алматов.
Мазкур интервьюни тўлиқ шаклда қуйида ёки YouTube ва Mover’даги саҳифаларимизда кўришингиз мумкин.
LiveБарчаси