Махсус комиссия Суриядан олиб келинган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берди

Жамият

bf23a3b7-293d-5b79-3ed8-16a44564b96d

“Меҳр” дастурини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Махсус комиссияси Яқин Шарқдан олиб келинган ўзбекистонликлар бўйича баёнот берди

“Ҳеч кимга сир эмас Сурия давлатидаги бўлаётган уруш жараёни, террорчилик ва экстремистик ҳаракатларга бир қатор бизнинг ўзбекистонликлар ҳам аралашиб қолган. Лекин уларнинг ичида ўзи тушуниб-тушинмасдан, адашиб бориб қолган, экстремистик гуруҳлар фаолиятининг жабрини кўрганлар ҳам мавжуд.

Жорий йилнинг 30 май куни юртбошимиз рахнамолигида 156 нафар фуқарони, хусусан, 48 нафар аёл, 107 нафар болани курдлар лагеридан ўз Ватанига қайтаришга эришилди. Улар алдов йўллари билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар (Сурия) ҳудудига адашиб бориб қолган фуқароларимиздир.

Оғир ҳаётий даврни бошдан ўтказиб, Ватанга қайтган ҳамюртларимизга Ўзбекистон Ҳукумати реабилитация ва жамиятга қайта мослашишлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.

Хусусан, давлат раҳбари топшириғига мувофиқ Ҳукумат қарори билан Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов рахбарлигида Махсус комиссия ташкил этилди ва Махсус комиссия таркибига кирган барча масъул вазирлик ва идоралар мутасаддиларига аниқ вазифалар белгилаб қўйилди.

Қайтарилган ватандошларимизга тегишли хизмат турларини кўрсатиш учун махсус комиссия таркибига Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Адлия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Маънавият ва маърифат маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Республика маданият марказидан тегишли раҳбар ва ходимлар жалб қилинди.

Республикага қайтарилган Ватандошларимизни ижтимоий реабилитация ҳамда соғломлаштириш мақсадида Тошкент вилоятида ҳудудидаги барча керакли шароитлар яратилган санаторийга жойлаштирилди.

Ватандошларимизга ва уларнинг оила аъзоларига ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ёрдам бериш мақсадида санаторийда барча масъул вазирлик ва идоралар томонидан уларга куну-тун (24 соат) кўмаклашиш учун вакиллар бириктирилди.

Санаторийнинг ўзида уларга тиббий ёрдам ва психосоциал кўмак бериш, шахсий ҳужжатларни тиклаш, бандлигини таъминлаш, таълим ва бошқа ижтимоий дастурларда иштирок этиш ҳамда ижтимоий нафақалар тўлаш чоралари кўрилмоқда.

Ватандошларимиз ўртасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилиб, уларнинг 30 нафарида ҳар хил касалликлар ташҳисланди. Жумладан стационар даволанишга муҳтож 2 фуқаро касаллиги бўйича тегишли шифохонга жойлаштирилди, 3 нафар бола учун санаторийнинг ўзида алоҳида кундузги стационар ташкил этилди. Қолганлари санаторийда умумий шароитда соғломлаштирила бошланди.

Ватандошларимиз ўзлари учун ажратилган хоналарга оила аъзолари билан бирга жойлаштирилди ва зарур барча шароитлар яратилди, шу жумладан, уйқу ва дам олиш хоналари, кўчма мактаб ва мактабгача таълим хоналари, болалар учун ўйингоҳлар, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминловчи ошхона ташкиллаштирилди.

Санаторийда яратилган шароитларни ўрганиш мақсадида халқаро ЮНИСЕФ ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси рахбари Саша Грауманн ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрезер ташриф буюриб, яратилган шароитлар ва ташкилий ишларга юксак баҳо беришди.

Турли сабабларга кўра бегона юртларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларимизга уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида эканликларини, давлат уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни қўллашини маълум қилишни бурчимиз деб ҳисоблаймиз”, дейилади Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов эълон қилган баёнотда.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Азиз Абдуҳакимов

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг