Саида Мирзиёева лавозимга киришганидан сўнг илк йиғилишини ўтказди
Жамият 15 Апрель 18:46 21089
image

Бугун, 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги марказий аппарати ва тизим корхоналарининг раҳбар ходимлари учун навбатдаги хизмат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда агентлик директори Комилжон Алламжонов ва куни кеча директор ўринбосари лавозимига тайинланган Саида Мирзиёева иштирок этган. 

Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу йиғилиш Саида Шавкатовнанинг лавозимга киришганидан кейинга илк йиғилиши. 

"Янги ҳафтага мўлжаллаб қўйган ишларимиз кўп: Бўкада бешта ташаббус борасидаги ишларни тугаллаш, Урганчда ўтказиладиган «Central Asia-2019: фан, таълим, маданият, бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» XIII халқаро конференциясига тайёргарлик, «Кўнгил кўзи» лойиҳаси бўйича ишларни давом эттириш, тегишли қонун лойиҳалари муҳокамасини ташкил қилиш...

Бизга юклатилган вазифалар қанчалик оғир бўлмасин, бутун жамоамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, уларни адо этамиз! Янги ҳафта ҳар биримиз учун унумли ва баракали бўлсин!", деб ёзади ушбу йиғилиш ҳақида Алламжонов Facebook саҳифасида. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари лавозимига тайинланган эди. 

Саида Мирзиёева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикасининг чет элларда ижобий имижини шакллантириш – PR-марказ вазифаси ижроси, шунингдек, агентликнинг давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш каби вазифалар учун масъул бўлади. 

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан, Агентлик директори ўринбосарларининг мақоми Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига тенглаштирилган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 291
Рейтинг: 3.1