Президент қарори билан янги университет ташкил этилади

Жамият

image

“Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, Тошкент вилояти Қибрай туманида “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ташкил этилади. 

Кластер ўз ичига Фармацевтика техник университети ва инновацион дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган ишлаб чиқариш майдонларидан иборат саноат зонасини ташкил этишни қамраб олади.

Қарор билан кластернинг ҳамда университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди. 

Жумладан, университет дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқариш, косметология, тармоқ ва бизнесни бошқариш соҳаларида халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлайди.

Қарор билан кластерни ташкил этиш бўйича концепция ҳамда амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Концепцияга кўра, кластерни ташкил этишдан мақсад республиканинг фармацевтика тармоғини қуйидаги уч йўналишда ривожлантириш ҳисобланади:

- фармацевтика фанини ривожлантириш;
- фармацевтикада таълим тизимини такомиллаштириш;
- чуқур илм талаб қиладиган ва юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш.

Шунингдек, қарор билан Кластернинг васийлик кенгаши ҳамда Давлат муассасаси шаклидаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ривожлантириш дирекцияси ташкил этилди. 

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Дирекция фаолиятини мувофиқлаштиради”, дейилади қарорда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

80

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг