Бугун Ўзбекистонда нега ҳайит нишонланмади, нега ҳали ҳам рўза тутяпмиз?

Жамият

image

Маълумки, бугун, 4 июнь куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида, ҳатто, Россияда ҳам Рамазон ҳайити байрами нишонланмоқда. Масжидларда ҳайит намози адо этилди. Ўзбекистонда бугун Рамазон ойининг 30-куни сифатида қайд этилди ва Рамазон ҳайитини нишонлаш 5 июнга белгиланди. Ушбу ҳолат кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво ҳайъати эса мазкур масала бўйича расмий баёнот билан чиқди. Унда шундай дейилади:

“Ўзбекистонда бугун, 4 июнь сешанба – Рамазон ойининг 30-куни, эртага 5 июнь чоршанба – Рамазон ҳайитининг биринчи куни. Айрим ижтимоий тармоқларда бугун ҳайит экан, деб ихтилофга сабаб бўлишяпти. Бу масалада Ўзбекистон мусулмонлари уламолари фатвосига амал қилинади.

Ҳар йили Рамазон ойи бошланиши ва ҳайит кунини эълон қилишда, Ўзбекистон уламолари ислом дини кўрсатмалари, янги ойни кузатиш жараёнлари ва Астраномия институти маълумотларига таянишади. Мана шундай манбаларга асосланиб, диний идора уламолари обдон ўйлаб, кейин бир қарор қабул қилади. Лекин, айрим кишилар мазкур қарорига итоат этмай, “бугун фалон араб юртида ёки фалон мамлакатда ҳайит экан”, деб рўзасини очганлар ҳам учрамоқда. Аммо, бундай иш тутишдан динимиз қайтаради.

Маълумки, Исломда саналар қамарий ой билан ҳисобланиб, уларнинг бошланиши янги ой ҳилолини кўриниши билан белгиланади. Ўзбекистонда Рамазон ҳайитининг биринчи кунини белгилашда Астрономия институтининг ҳилол – янги ойни кўриш ҳақидаги маълумоти ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари хулосаси асос қилиб олинди. Диний соҳа мутахассислари кузатишлари ва астраномик маълумотларга кўра, жорий йилда Ўзбекистонда шаввол ойининг ҳилоли кўриниши 4 июнь сешанба куни кузатилиши қайд этилади. Шунга кўра, Ўзбекистон мусумонлари идораси уламолари томонидан 5 июнь чоршанба куни ҳайитнинг биринчи куни деб эълон қилинди.

Бундай тўхтамга келиниши Ислом таълимотига мувофиқ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифларига тўла мос келади. Шунингдек, Ислом фиқҳи академиясининг “Бошқа мамлакатларда ойнинг кўринишидан қатъи назар, дунёнинг қайси бир мамлакатида янги ой ҳилоли оддий кўз билан ёки астрономик жиҳозлар орқали кўрилган бўлса, унга амал қилишлари зарур деб ҳисоблансин”, деган қарорига ҳам ҳамоҳангдир. 

Рамазон ойининг тўлиқ 30 кун бўлиши ҳақида муҳаддислардан Абу Довуд ва Насоийнинг саҳоба Ҳузайфадан қилган ривоятларида Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидагича марҳамат қилганлар: “Рамазон ойидан олдин тутманглар, янги ойни (Рамазон ҳилолини) кўринглар. Рамазон кунлари саноғини тўлдиринглар!”. 

Машҳур муҳаддислардан Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Термизийларнинг Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг издоши, етук фиқҳ олими Ибн Аббосдан келтирган ривоятига кўра: “Рамазон ойи ўттизга тўлдирилади ва янги Шаввол ойи бошланади”, деб таъкидланган.

Юқоридаги асосли далиллар ва иш бошиларнинг қарорига амал қилиш ҳар бир уммат учун вожиб бўлади. Ҳеч қайси бир шариат кўрсатмаларида рўзанинг бошланиш куни ёки Рамазон ҳайитининг биринчи кунини аниқлашда муайян бир араб ёки бошқа давлатга тақлид қилинсин, деган кўрсатма йўқ. 

Бир қатор араб давлатлари – Иордания, Фаластин, Мисрда, шунингдек, Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари – Индонезия, Япония, Малайзия, Ҳиндистон ва Австралияда каби давлатларда бу йилги Рамазон ойи 30 кун бўлиб, Шаввол ойи 5 июнь, чоршанба кунидан бошланиши эълон қилинди. Жумладан, Миср Араб Республикасида ҳам янги ой ҳилоли кўрилмагани учун Фатво ҳайъати баёнотига кўра, бугун 4 июнь куни Рамазон ойининг 30-куни бўлиб, эртага 5 июнь куни Рамазон ҳайити деб эълон қилинди.

Демак, ибодат масалаларида эҳтиёт бўлиш керак. Фалон юртда бугун ҳайит экан, деб оғизни очиб юбориш мумкин эмас. Зеро, Рамазон рўзасининг бошланиши ҳам, тугаши ҳам муфтий эълон қилиши билан аниқ бўлади.

Агар бир мусулмон юртда янги ой чиқишини аниқлашга масъул идора рўза тутиш ёки рўзани очиш бўйича қарор чиқарса, ўша юрт мусулмонлари бунга итоат қилишлари, бўйсунишлари шарт. Чунки бу ҳукм “Ҳар бир юрт аҳли ўзлари янги ойни кўрадилар”, деган қарашга асосланган бўлади (“Ҳидоя”, “Оламгирия” китоблари асосида).

Шайх Юсуф Қаразовий айтади: “... Бир юрт ёки бир шаҳар фуқароларининг бир-биридан ажралиб, бир гуруҳи бугун Рамазон деб рўза тутиши, бошқаси уни Шаъбондан деб тутмаслиги, ой охирида эса, бир гуруҳи рўза тутиб, бир гуруҳи ҳайит қилиши қабул қилинмайдиган бир ҳолатдир”.

Мазкур масалада юртимиз ва хориждаги машҳур илм аҳллари ҳам бундай шароитда мўмин-мусулмонлар жамлиги ва бирлигига путур етмаслиги ҳамда бошқа қувватли далиллар асосида Ўзбекистон мусулмонлари уламолари фатвосига амал қилишга чақирдилар.

Хулоса шуки, ушбу масалада ҳар бир юрт аҳли уламолари қарорига амал қилишлари керак. Демак, айрим мамлакатларнинг Рамазон ҳайитини бошлаши бизнинг ҳайитни бошлаш кунидан фарқ қилиши мумкин. 

Шунинг учун мўмин-мусулмонларимизни юқорида баён қилинганларни чуқур англаб, бошқаларга тақлид қилиб, хатога йўл қўймасликларига чақирамиз.

Демак, Ўзбекистонда бугун, 4 июнь сешанба – Рамазон ойининг 30-куни, эртага 5 июнь чоршанба – Рамазон ҳайити кунидир”.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Рамазон ҳайити

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг