Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради
Жамият
−
25 Июль 2020
19722Бухоро муҳандислик технология институтининг ижтимоий фанлар кафедраси профессори, тарих фанлари доктори Мамедқул Мустафоев 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Мамедқул Мустафоев 1938 йилда Қоракўл туманида таваллуд топган. 1960 йилда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг тарих факультетини тамомлаган. Ёш истеъдодли олим, тадқиқотчи сифатида у Самарқанд ҳамда Бухоро давлат университетлари аспирантурасида таҳсилни давом эттирган. Фан номзоди илмий даражасини ёқлаганидан сўнг эса Мамедқул Мустафоевнинг тақдири бевосита 1968 йилдан бошлаб Тошкент Политехника институтининг Бухоро филиали билан боғланган.
Ҳаётини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлаган олимнинг босиб ўтган илмий фаолияти, қўлга киритган ютуқларига ҳавас қилиш мумкин. Чунончи, у 1978 йилдан Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтининг тарих ва сиёсий иқтисод кафедраси мудири, 1981 йилдан тарих кафедраси доценти, 2000 йилдан мазкур факультет профессори даражасига эришган. Моҳир педагог, тарих фанининг зукко билимдони умрининг охиригача мазкур институтнинг ижтимоий фанлар кафедрасида фаолият юритиб, ўнлаб, юзлаб шогирдлар етиштирди.
Мамедқули Мустафоев вилоятда “Ўзбек-Туркман” маданий марказининг кўп йиллик раҳбари сифатида миллатлараро тотувликни, икки халқ ўртасидаги аҳиллик ва биродарликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди. Ана шундай заҳматли меҳнатлари ва фидойилиги учун у “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
QALAMPIR.UZ таҳририяти марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь