Бош вазир Ортиқхўжаевга тегишли Akfa, Artel ва Crafers ширкатлари ҳақида гапирди (видео)
Жамият
−
13 Январь 2020
47456Аввалроқ, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши биринчи сессияси бўлиб ўтгани, Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳукумат раиси Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига кўрсатилган Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзодини тасдиқлаш юзасидан киритилган тақдиқномани ўқиб эшиттирди.
Абдулла Арипов сўзида давом этаркан, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг шахсига, иқтидор ва имкониятларига тўхталди.
“Жаҳонгир Ортиқхўжаев – етук раҳбар. Замонавий менежер. Замонавий фикрлайдиган, ишни замонавий ташкил қила оладиган, истиқболни кўра биладиган раҳбар. Бу кишининг раҳбарлигида замонавий Тошкентнинг янги қиёфаси пайдо бўла бошлади. Қурилган бино иншоотлар қисқа муддатда ва жуда юқори сифатда амалга оширилгани, албатта, таҳсинга сазовор. Одатда тез муддатда қурилган бино маълум муддат ўтгандан кейин яна қурувчиларни жалб қилиб, таъмирланади. Лекин Жаҳонгир Обидович иштирокида ёки раҳбарлигида қурилган биноларни кимдир бориб текшириши ёки кетидан бориб камчиликларини тўғрилашнинг кераги йўқ. Чунки, у ҳар бир қилаётган ишини мукаммал даражада бажаришга ўрганган одам”.
Бош вазир сўзида давом этаркан, қўшни республикалар, қолаверса, МДҲ мамлакатларида Ортиқхўжаевга тегишли ширкатлар томонидан ишлаб чиқарилган маиший техникаларда фойдаланилаётгани, у раҳбарлик қилаётган корхона ишлаб чиқараётган қандолат маҳсулотлари жаҳон бозорига етказиб берилаётганини қайд этди.
“Ўз вақтида Жаҳонгир Обидович раҳбарлигида ташкил этилган Artel бренди остидаги маиший техникаларни Озарбайжондаги меҳмонхоналарнинг хоналарида турганини кўришганини келиб айтиб беришди. Нафақат Озарбайжон, Қозоғистон, Россияда ҳам... Муҳтарам Президентимиз топшириқлари билан Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига борганимизда, ҳамма рекламалар араб алифбосида ёзилган бўлса, лотин алифбосида ёзилган учта рекламани кўрдим. У ҳам бўлса Akfa, Artel ва Crafers’нинг рекламаси эди. Қайси соҳага қарасангиз Жаҳонгир Обидович ҳаммасини аъло даражада бажарган”, дейди Бош вазир Абдулла Арипов.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тайинлангач, ўзига тегишли ширкатлар фаолиятига бошқарувига аралашмаётгани, ўз ваколатларини бошқаларга топшириб, қонунга тўла мос равишда фаолият юритаётганини айтганди.