Ҳамма билганича даволаяпти ва даволаняпти – Алламжонов вазиятдан чиқиш учун ечим таклиф қилди

Жамият

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов бир ҳафта давомида “Тез ёрдам” телекўрсатувида мутахассислар билан олиб борган мулоқотидан кейин мавжуд эпидемиологик вазиятга доир фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

“Масала жиддий, танлов оғир, хато қилиш имконияти 90 фоиз. Карантин қаттиқ бўлса, уйдаги беморларга қийин (улар асосий – 80 фоиз қатлам) агар енгил бўлса оғир беморлар (15 фоиз қатлам) ва ўлимлар (2-4 фоиз қатлам) сони ортиб кетади, эплаб бўлмайдиган даражада. Иқтисодиёт, бизнес, еб-ичиш, қарзларни-ку гапирмаса ҳам бўлади”, дейди Алламжонов аҳвол кескинлашганига эътибор қаратиб.

Комил Алламжонов вакцина ихтиро қилиниб, Ўзбекистонга етиб келгунича иқтисодиётни сақлаб қолиш кераклигини, акс ҳолда давлат вакцина учун бошқа бирор муҳим нарсадан воз кечишига тўғри келишини таъкидлаган.

“Энг ёмони, қанчалик карантин сақламайлик вакцина яратилиб, бизга етиб келгунича бир ярим йилдан икки йилгача вақт ўтади. Агар шу давр мобайнида иқтисодиётни ҳам ўлдириб қўйсак эртага вакцина сотиб олишга ҳам имконият бўлмайди. Вакциналарни кимдир бизга совға қилса ёки олиб берса эвазига юртимиздан ниманидир юлиб олади. Бекорга ёрдам берадиган аҳмоқ аниқ йўқ. На катта бизнесменлар ва на катта давлатлар. Ўзимизнинг аравамизни ўзимиз тортмас эканмиз аҳвол яхшиланмайди. Бу нима дегани? Биринчи навбатда, барча қатламдаги шифокорлар, ҳамшираларга тўғри даволашни зудлик билан ўргатиш керак. Жуда оғир жараён эмас бу. Тайёр даволаш протоколи бор. Шуни бир марта ўқиб чиқиб, ҳеч бўлмаса мумкин бўлмаган дориларни билиб олса бўлди. Шу ҳам катта муваффақият ҳозирги шароитда. Енгил тузалиши мумкин бўлган беморлар аксарият ҳолатда айнан шу нотўғри тавсия ва дориларни деб оғирлашяпти ёки ўляпти”, дейди у.

Алламжонов зудлик билан тиббиёт ходимларини қисқа курсларда ўқитиб, уларга коронавирусни даволашни ўргатиш зарурлигини таъкидлаб, акс ҳолда ўзбилармонлик билан даволашлар давом этишига эътибор қаратган.

“Бугун мен шуни тушуниб етдимки, энг биринчи навбатда ҳозироқ, зудлик билан тўғри даволаш тизимини йўлга қўйишимиз шарт. Асл муаммо ўша ерда. Қисқа ўқув дастури яратиб барча тиббиёт қатламини минимум қисқа курсда ўқитиш керак. Акс ҳолда ҳамма билганича даволаяпти ва даволаняпти. Оқибатда муаммолар сони ортиб, касалхоналарда жой қолмаяпти”, дейди Комил Алламжонов.

Фонд раиси ҳар бир одам аввало ўзини асрашни ўрганиши, ўз хавфсизлигини таъминлай олиши кераклигини айтмоқда. Хусусан, у шундай дейди:

“Хуллас аҳвол оғир. Ечими ҳам. Келажакдаги ягона йўл эса ҳар бир инсон ўзини ўзи эҳтиёт қилишни ўрганиши, ниқоб тақишни канда қилмаслик ва касал бўлиб қолганда тўғри даволаниши керак. Зудлик билан шундай яшашни ўрганмас эканмиз фақат оғирлашаверади аҳволимиз. Устига устак коллектив иммунитетга ҳам вақт керак (агар рост бўлса шундай иммунитет шаклланиши)”.


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

641

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг