“Улар муаммонинг эмас, муаммони ёзган журналистнинг ”ортидан“ тушади” - Шайхов
Жамият
−
29 Май 2019
9592"Кўпгина Матбуот хизматлари ходимлари ташкилотлар раҳбарларининг оғзини пойлайди. Бирор мақолага нисбатан муносабат ёки раддия эълон килиш учун соатлаб раҳбарнинг қабулини пойлайди. Шу боис уларнинг ишини раҳбариятдан айри тутиш, керак бўлса, Матбуот хизмати раҳбари лавозимига тайинлов ҳам қайсидир даражада Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги иштирокида бўлиши керак", дейди QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов.
Кеча, 28 май куни Тошкентдаги “Hyatt ragency Tashkent” меҳмонхонасида “ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги республика конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов, директор ўринбосари Саида Мирзиёева, парламент аъзолари, Ўзбекистон медиа бозорининг кўзга кўринган вакиллари, давлат органлари матбуот котиблари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Конференцияда QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов сўзга чиқиб, давлат органлари Матбуот хизматлари томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, уларнинг ОАВ билан муносабатига тўхталди. Айрим ҳолларда эълон қилинган мақола ёки хабарларни олиб ташлаш юзасидан илтимос ва тазйиқлар ҳамон учраб турганини қайд этди.
"Кечагина бир ташкилотдан қўнғироқ бўлди. Ўз сайтларида бошқа бор хорижий ОАВга нисбатан эълон қилинган хабарда хатоликка йўл қўйилганини айтиб, биздан ҳам ушбу мақолани олиб ташлашни талаб қилишди. Эмишки, ташкилот раҳбарияти бу хабарни тасдиқламаган ва ҳамма ОАВдан олиб ташланашини буюрган. Бундан кўриниб турибдики, биз қанча холислик ва эркинлик ҳақида гапирмайлик, Матбуот хизматларидаги айрим журналистлар холис ҳам, эркин ҳам эмас. Улар ўша ташкилот раҳбарининг кабинети эшиги тагида кутиб ўтирадиган одамлардан бири. Раҳбар журналистнинг ёзган хабари ё раддиясини таслиқлагач, ўшанда чоп этилади. Бўлмаса, йўқ. Йўқотилган вақтда эса халқаро ОАВда ёлғон, нохолис ахборот чиқиб, нафақат бутун республикага, балки хорижга ҳам ёйилиб бўлади. Мана, мен юқорида бир неча кун аввал бўлган ҳолатни мисол сифатида келтирдим. Бундай мисоллар жуда кўп", дейди журналист Шайхов.
Унга кўра, Матбуот хизмати ходимлари ташкилотлар раҳбарларининг адвокати. У сўзи якунида қуйидагиларни алоҳида таъкидлади:
"Матбуот котиблари ОАВда чоп этилган мақоладаги муаммо ё танқид ортидан эмас, уни ёзган журналистнинг "ортидан" тушади. Шунинг учун уларни лавозимга тайинлаш тўлалигича ташкилот раҳбари томонидан эмас, қайсидир маънода Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги иштирокида амалга оширилиши керак. Йўқса, давлат органлари раҳбарлари Матбуот котиби номи билан ўзига адвокат қидиришда давом этаверади".
LiveБарчаси