Уйлар давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
15 Май 2020
7438Ўзбекистон Республикаси Президенти бугун, 15 май куни Сардоба туманида маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари учрашувда сув омборида юз берган техноген авария жуда катта синов бўлганини, Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, тошқин оқибатларини бартараф этишга барча куч ва имкониятлар сафарбар қилинганини яна бир бор қайд этди.
“Бу ишларни ташкил этиш ва Сирдарё халқидан хабар олиш учун бугун тўртинчи марта сизларнинг олдингизга келдим. Ҳар соат, ҳар дақиқа бу ердаги ишлар ҳолатини суриштириб турибман, телефон орқали ҳисобот оляпман“, дейди давлат раҳбари.
Аҳолининг турмуш шароитларини тиклаш асосий вазифа экани, зарарланган уйларни таъмирлаш ҳамда янги турар жойлар қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилгани таъкидланди.
“Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади“, дейди Президент.
Сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда.
Алишер Усмонов ажратган 10 миллион доллар хайрия маблағи ҳам шунга йўналтирилган. Сирдарё вилоятига кўмак учун ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда тадбиркорлар ҳам ёрдам кўрсатган.
Учрашувда қатнашган сардобаликларга тегишли сертификат ва банк карточкалари тарқатилди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь