Россия, Хитой ва Эрон Уммон кўрфазида ҳарбий-денгиз машқларини бошлади

Олам

image

Россия, Хитой ва Эрон Ҳарбий-денгиз кучлари кемалари Уммон кўрфазида “Денгиз хавфсизлиги камари-2024” халқаро ҳарбий-денгиз машқлари топшириқларини бажаришга киришди. Бу ҳақда кеча, 12 март куни Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

“Варяг” гвардияси ракета крейсери ва “маршал Шапошников” фрегатидан иборат Тинч океан флотининг ҳарбий кемалари отряди Эрон ва Хитой Ҳарбий-денгиз кучлари кемалари билан “Денгиз хавфсизлиги камари-2024” қўшма халқаро денгиз машқларининг амалий вазифаларини бажаришга киришди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Хитой давлат телевидениеси CCTV ўқув машғулотларининг видеотасвирларини эълон қилди. Унда Хитойнинг “Урумчи” бошқариладиган ракета эсминеци ва “Линьи” фрегати иштирок этмоқда.

Эрон Ҳарбий-денгиз кучлари матбуот котиби адмирал Мустафо Тожиддиний давлат телевидениесига берган баёнотида машқлар 17 минг квадрат километрлик денгиз ҳудудида ўтказилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, “Денгиз хавфсизлиги камари 2024” машғулотларидан савдо хавфсизлигини таъминлаш, қароқчилик ва терроризмга қарши курашиш, гуманитар фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва қутқарув соҳасида маълумот алмашишни мақсад қилган.

Машғулотларда Россия, Эрон ва Хитой Ҳарбий-денгиз кучларининг жами 20 дан ортиқ кемалари, таъминот воситалари ва жанговар катерлари иштирок этмоқда. Денгиз вертолётларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Машғулотлар давомида ҳарбий кемалар қўшма манёврлар қилади. Хусусан, улар сув усти ва ҳаво нишонларини ўққа тутади, шунингдек, қароқчилар томонидан қўлга олинган кемани озод қилиш элементларини машқ қилади.

“Денгиз хавфсизлиги камари-2024” халқаро денгиз машқлари олтинчи бор ўтказилмоқда. У биринчи марта Араб денгизида 2018 йилда ўтказилган. Машғулотларда Россия, Эрон ва Хитой Ҳарбий-денгиз кучларининг кемалари доимий равишда иштирок этмоқда.

Машғулотларда илк бор Покистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Уммон, Ҳиндистон ва Жанубий Африка Ҳарбий-денгиз кучлари вакиллари кузатувчи сифатида қатнашмоқда. Машғулотлар 15 мартга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Хитой Жанубий денгиз флоти таркибида фаолият юритувчи “Наннинг” эсминеци билан, Россия гипертовушли ракета ташувчи “Адмирал Горшков” фрегати билан ва Эрон “Жамаран” енгил фрегати билан “Денгиз хавфсизлиги камари-2023” деб номланган машғулотларда қатнашган эди.

Маълум қилинишича, машғулотлар давомида уч мамлакат Ҳарбий-денгиз кучлари терроризм ва қароқчиликка қарши кураш машқларини ўтказган ва улардан бири ўғирлаб кетилган савдо кемасида ташкил этилган қутқарув операцияси сценарийси асосида ташкил этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Эрон Хитой Уммон кўрфази ҳарбий-денгиз машқлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг