Бош прокуратура Олий таълим тизимида ойни этак билан ёпмоқчи...ми?

Жамият

image

Эртага, 18 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлиги, ундаги коррупцион ҳолатлар, таълим тизимидаги қинғирликлар муҳокама қилиниши кутилмоқда. 

QALAMPIR.UZ ўз манбалари орқали ушбу йиғилиш ҳақида хабар топди ва унда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилди. Бироқ, бугун очиқлик ва ошкоралик, шаффофлик ҳақида бонг ураётган, унинг таъминланишига бош-қош бўлишни ваъда қилаётган Бош прокуратурадан йиғилишда иштирок этиш масаласида рад жавобини олдик. 

Матбуот хизматидан бизга берилган маълумотларга қараганда, йиғилишга фақат телевидение ходимларининг киришига рухсат берилган. Бошқа оммавий ахборот воситалари вакилларининг қатнашишига тақиқ мавжуд. 

Шу ўринда савол туғилади: шуми очиқлик ва ошкоралик? Агар бу йиғилишни Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг ички йиғилиши ва унда ОАВга ва у орқали халққа аён бўлиши мумкин бўлмаган масалалар муҳокама қилинади десак, нима учун 2019 йилнинг 24 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда бу жиҳат инобатга олинмади? 

Ёдингизда бўлса, 2019 йилнинг 24 декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг йиғилиши ўтказилди ва унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги коррупцион ҳолатлар муҳокама қилинди. Нега Бош прокуратура Олий таълим вазирлигига келганда бунга кўз юмиб, ундаги муаммоларнинг ОАВга чиқишига тўсиқ бўляпти? 

Ўйлаймизки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур ҳолат бўйича расмий баёнот беради. 


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура

Баҳолаганлар

324

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг