Иккинчи жаҳон урушига 75 йил: Тошкентда ғалаба боғи барпо этилади

Жамият

image

Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабага 75 йил тўлиши муносабати билан Тошкент шаҳрида Ғалаба боғи барпо этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиши кутилаётган “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарорда сўз боради. Қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. 

Қарор билан:

•    Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича асосий чора-тадбирлар дастури;

•    Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби;

•    Тошкент шаҳрида барпо этиладиган Ғалаба боғининг концепцияси қабул қилинади. 

Қуйида Тошкент шаҳрида барпо этиладиган Ғалаба боғининг концепцияси билан танишишингиз мумкин.

Инсоният тарихидаги энг даҳшатли Иккинчи жаҳон урушида 1 ярим миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қатнашган. Уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбекистонлик 120 мингдан зиёд аскар ва офицер жанг майдонларидаги жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Уларнинг орасида 280 нафар Совет Иттифоқи Қаҳрамони, 82 нафар учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлган жасур инсонлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўша оловли йилларда Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз “Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – ғалаба учун!” деб яшади, ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз оғир меҳнат қилди. Республикамиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди.

Юртимиздан жанг майдонларига 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб
қурол-яроғлар, ҳарбий-санитария поездлари, юзлаб дала ошхоналари, палаткалар, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди.

Ўзбекистон аҳли уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллионга яқин инсонга бошпана бериб, ўз нонини улар билан баҳам кўрди. Айниқса, ота-онаси, оиласидан жудо бўлган 200 минг нафар бегуноҳ болаларни “Сен етим эмассан!” деб бағрига босиб, меҳр-мурувват кўрсатди.

Албатта, бу рақамлар – шунчаки статистик маълумотлар эмас. Бу рақамлар бошимиздан кечирган мудҳиш уруш оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чақиради. Шу билан бирга, бугунги тинч ва гўзал ҳаётнинг қадрига етиб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Бу ўзбек халқи жасоратининг қисқача бир таърифи холос. Ўтган урушли кунларни абадий ёд этиш, халқимизнинг фидойи ва инсонпарварлик хусусиятларини тўлиқ англаш ва ота-боболаримиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва фидойи инсонлари, хусусан жафокаш оналарини эътироф этиш мақсадида Ғалаба боғини барпо этиш мақсадга мувофиқдир.

1-боб. Ғалаба боғини ташкил этиш ва унинг асосий йўналишлари

1. Ғалаба боғи Иккинчи жаҳон уруши майдонларида ҳамда машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча юртдошларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг номларини абадийлаштириш, ўзбек халқининг буюк ғалабага қўшган улкан ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш ҳамда
ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уруш асоратларини ҳеч қачон унутмасликка чорлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилади.

2. Ғалаба боғи аҳолининг табиий муҳит шароитида дам олиб, маданий-ҳордиқ чиқариши, тарих билан ҳамнафас бўлган ҳолда ўтганлар хотирасини ёд этиб, уларга ҳурмат бажо келтириш, шунингдек, ўзбек халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини очиб беришга қаратилган кўп қиррали маданий-маърифий
ва ижодий-ишлаб чиқариш маскани ҳисобланади.

3. Ғалаба боғининг асосий вазифаси ўтганлар хотирасини ёд этиш, ўзбек халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ҳар томонлама кенг тарғиб ва ташвиқ этиш, Иккинчи жаҳон урушининг аянчли асоратларини унутмаслик, доимо огоҳ бўлишга чорлаш, шунинг билан бир қаторда аҳолининг мазмунли дам олиши, кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун керакли шарт-шароитлар яратиш, маданий-оммавий тадбирлар, ижодий учрашувлар, адабий кечалар ўтказиш, ёшларни Ватанга содиқлик руҳида тарбиялашдан иборат бўлади.

4. Ғалаба боғи тарихнинг мураккаб даврида Ўзбекистон халқининг мардлиги ва жасоратини намойиш қилиш, жамиятда, хусусан ёш авлодда халқимизнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган муносиб ҳиссасига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғусини уйғотишга хизмат қилади.

5. Боғ 8 та бўлимдан иборат бўлади:

а) дарвозанинг кириш қисми йўналиши марказида катта монументал хайкаллар мажмуасини барпо этиш. Бу хайкал мажмуасига Зулфия Зокирова
ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари рамзий кўриниши асос қилиб олинади. Ён қисмига 3 тилда Зульфия Зокированинг ҳаёти ва ўғиллари хақида қисқача маълумот ҳамда фотосуратлар қўйилади;

б) боғнинг ўнг томонидан бошлаб, Иккинчи жаҳон уруши даврида қўлланилган ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар жойлаштирилиб, уруш даврига оид инсталяциялар (блиндаж, окоп, дала тиббиёт пункти, дала ошхонаси, партизанлар шаҳарчаси ва ҳоказолар) боғ айланаси бўйлаб, яхлит бир композиция сифатида барпо этилади;

в) Ўзбек генерали Собир Рахимов жасорати ҳайкал кесимида алоҳида қайд этилади;

г) 101 нафар ўзбек жангчиларига рамзий монументал ҳайкал ўрнатилади. Уларнинг исм, фамилиялари бирма-бир монументал ҳайкал пойига ёзиб қўйилади, шунингдек, экранда фильм намойиш этилади;

д) амфитеатр боғнинг бадиий дастурлар учун мўлжалланган қисмида ташкил этилиб, у ерда байрам ва тарихий саналарда ҳарбий оркестр, бадиий жамоаларнинг концерт дастурлари ташкил этилади;

е) китоб шаклидаги турникетнинг кўп сахифали бетларида:

Совет Иттифоқи Қахрамонлари;

“Москва мудофааси учун”;

“Кавказ мудофааси учун”;

“Сталинград мудофааси учун”;

“Будапештни озод қилиш учун”;

“Берлин олингани учун”;

“Германия устидан қозонган ғалаба учун” медали сохиблари исм, фамилиялари қайд этилади.

ж) боғнинг бир томонига Иккинчи жаҳон уруши давридаги блиндаж ва окопнинг табиий кўриниши ва ер ости қисмида урушга оид бўлган осори атиқалар (харбийларнинг хатлари, идишлари, кийимлари, ҳужжатлари, шахсий буюмлари, фотосуратлари ва х.з.) намойиш этилади. Радиокарнай орқали уруш давридаги мусиқалар ва хабарлар асосида тарихий муҳит яратилади;

з) очиқ павильонда болаларни ўз бағрига олган ўзбек оилалари, хусусан, Шоабдурахмоновлар ва бошқа оилалар хақида фотокўргазма ташкил этилади;

и) Ўзбекистонда яшаб ижод қилган бир қанча илм-фан, маданият ва санъат намоёндалари хақида маълумот берувчи деворий панно яратилади. (А. Ахматова, И. Вирта, С. Городецкий, А. Дейч, К. Зелинский, Я. Калас, Н. Погодин, А. Толстой, В. Ян ва бошқалар);

к) боғнинг якуний қисмида картиналар галереяси ташкил этилади
ва Иккинчи жаҳон уруши, унинг оқибатлари, халқнинг урушга муносабати, Ватан фидокорлари ва қахрамонлари каби йўналишларда мунтазам равишда кўргазмалар ташкил этиб борилади. Ушбу кўргазмаларни ташкил этишда музейлар билан бевосита ҳамкорлик қилинади.

2-боб. Ғалаба боғини ташкил этиш механизми

6. Ғалаба боғи 2019-2020 йилларда Тошкент шаҳри марказида барпо этилади.

7. Боғда Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги ҳиссасини 
акс эттирувчи “Матонат мадҳияси” катта монументал хайкаллар мажмуаси, Иккинчи жаҳон уруши даврида қўлланилган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа, уруш даврига оид турли инсталяциялар (блиндаж, окоплар ва ҳоказолар), электрон панолар (экранлар), бадиий дастурлар учун мўлжалланган амфитеатр, 100 ўринли кинотеатр, китоб шаклидаги турникетлар ҳамда музей, очиқ павильон кўринишидаги кўргазма зали ва бошқа маданий-маърифий объектлар ташкил этилиб, бунда:

боғда ўрнатилган “Матонат мадҳияси” катта монументал хайкаллар мажмуаси Ғалаба боғининг асосий рамзи этиб белгиланади;

боғга ташриф буюрувчилар учун ахборот-кутубхона хизматини кўрсатиш фаолияти ташкил этилади;

халқимизнинг фашизм устидан қозонилган буюк ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ҳақида экспонат ва архив маълумотлар тўплаш, сақлаш, намойиш этиш кенг жамоатчиликка танитиш мақсадида “Шон-шараф музейи” ва кичик кўргазма зали фаолияти йўлга қўйилади.

3-боб. Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар

8. Концепцияни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришилади:

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабага ҳисса қўшган ватандошларимиз ҳаёти, жасорат ва матонатини аҳолининг кенг қатламлари, шу жумладан ёшлар, юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар томонидан янада чуқурроқ ўрганиш учун замин яратилади;

ўз тарихимизни, аждодларимизга хос жасорат ва матонат туйғусини, жанговар анъаналарни келгуси авлодларимизга мерос қилиб қолдиришга эришилади;

ёш авлод онгига Ватанга садоқат ва унинг тақдири учун дахлдорлик туйғусини сингдириб, уларда ёт ғоя ва қарашларнинг салбий таъсирига қарши мафкуравий иммунитет шакллантирилади;

аҳолини, шу жумладан ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун зарур бўлган маданий-кўнгилочар объектлар барпо этилади ва турли кўринишдаги маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун кенг шарт-шароитлар яратилади;

боғда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади, мамлакатимиз тарихи ва миллий маданиятини янада кенг тадқиқ ва тарғиб этиш жараёнида инновацион ғоялар ва технологиялардан самарали фойдаланилади.

9. Концепциянинг амалга оширилиши Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабага ҳисса қўшган ватандошларимизнинг кўрсатган жасорати ва матонатини янада чуқурроқ ўрганиш, ёшларимизни буюк аждодларимизга муносиб баркамол шахс сифатида шакллантириш имконини беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Иккинчи жаҳон уруши Ғалаба боғи

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг