Мишель Платини қўйиб юборилди
Спорт
−
19 Июнь 2019
4107УЕФАнинг собиқ президенти Мишель Платини озодликка чиқарилди. France Press нашри тарқатган хабарга кўра, Франциянинг Нантер шаҳрида ҳибсга олинган Платини қўйиб юборилган.
Кеча, 18 июнь куни Мишель Платини ЖЧ-2022 мезмонини аниқлаш учун ўтказилган сайлов жараёнида коррупцияга қўл урганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинганди. Адвокат Уильям Бурдон Платинини гувоҳ сифатида чақиртирган. Бироқ, Коррупция, молиявий ва солиқ жиноятига қарши кураш марказий бошқармаси ходимлари УЕФА собиқ раҳбари келганида уни ҳибсга олган.
Платинининг расмий вакили Жан-Кристоф Алькьенинг маълум қилишича, бошқарма ходимлари суриштирувга жалб қилинган бошқа шахслар терговдан ташқарида ўзаро келишиб олмаслиги учун шундай қилган.
Соат 4:00 лар атрофида адвокат Бурдон ўтмишдаги машҳур собиқ француз футболчиси қўйиб юборилганини маълум қилган. Тергов бир неча соат давом этган. Платини билан бирга Франциянинг собиқ Президенти Николя Саркозининг спорт бўйича маслаҳатчиси Софи Дион ва Президент қароргоҳи Елисей саройи бош котиби Клод Геан ҳам ҳибсга олинган.
“Платини озод қилинди. Йўқ нарсага шунча шовқин кўтарилди. Терговчилар сўроққа тортилганлар ўзаро маслаҳатлашиб олмаслиги учун уларни алоҳида олиб келишибти. Мен ва мижозим хотиржам ва якундаги натижаларга ишонамиз”, деган Бурдон.
2015 йил охирида ФИФА вице-президенти лавозимини ҳам эгаллаб турган Платини этика қўмитаси томонидан футболга алоқадор фаолиятдан 7 йилга четлатилганди.
Унинг четлатилишига ўша вақтдаги ФИФА президенти Йозеф Блаттернинг 2011 йилда Платини ҳисобига 2 млн швейцар франки (1,7 млн евро) ўтказгани сабаб бўлган. Француз мутахассиси апелляция судига мурожаат қилиб, тақиқ муддатини 7 йилдан 4 йилга қисқартирганди. Платининг дисквалификацияси жорий йилнинг кузида тугайди.
LiveБарчаси