Коронавируснинг дунёга фойдаси маълум қилинди

Жамият

image

Коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатлари фонида 2020-2021 йилларда жаҳонда қурол учун маблағ сарфлаш камаяди. Унинг ўрнига таълим, фан ва соғлиқни сақлаш тизими молиялаштирилади. Бу ҳақда Стокголм Халқаро Тинчлик Тадқиқот Институти (SIPRI) директори Дан Смит айтиб ўтди.

Шу билан бирга, ҳарбий харажатлар кескин камайиши билан халқаро ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик алоқалари кучаяди. Айниқса, соғлиқни сақлаш бўйча давлатлар биргаликда ҳаракат қилишни бошлайди. Мутахассиснинг фикрича, ҳукуматлар бошқа давлатдаги кам ривожланган соғлиқни сақлаш тизими уларнинг мамлакатига ҳам таъсир этишини тушунишмоқда.

"2019 йилда қурол учун 1,9 трлн. доллар пул сарфланган. Бу рекорд кўрсаткич. Бу энг юқори чўққига айланади ва 2020-2021 йилларда биз харажатларнинг пасайишини кутишимиз мумкин. Ушбу пасайиш қанчалик кескин бўлишини ҳозир олдиндан айтиш қийин. Бу нафақат пандемия келтириб чиқарган инқироз билан боғлиқ иқтисодий омилларга, балки ҳукуматлар томонидан амалга ошириладиган узоқ муддатли ижтимоий ва сиёсий танловларга ҳам боғлиқ", дейди Дан Смит.

Умуман олганда глобал хавфсизлик сиёсатидаги мумкин бўлган ўзгаришлар ҳақидаги саволга жавобан Смит, пандемия давлатлар инқирозли вазиятда самарали ҳамкорлик қилиши мумкинлигини кўрсатди. Шунингдек, у ушбу инқироз халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига туртки бўлиши кераклигини қўшимча қилди.

Янги тадқиқотга кўра, 2019 йилда дунёдаги ҳарбий харажатлар энг юқори даражага етди ва 2010 йилдаги ҳарбий харажатларга нисбатан 7,2 фоизга ошди. SIPRI маълумотларига кўра, ҳарбий харажатлар умуман олганда ЯИМнинг 2,2 фоизини ташкил этди. 2019 йилда дунёда энг катта ҳарбий харажатларга эга бўлган беш мамлакат қаторига АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Саудия Арабистони кирди. Улар дунё ҳарбий харажатларининг 62 фоизини амалга оширган.

 

Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ҳарбий харажатлар

Баҳолаганлар

662

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг