20 мингдан ортиқ объект оптик толали интернет билан қамраб олинади – Арипов

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрига ташриф буюрди. Абдулла Арипов Россия Федерацияси Ҳукумати раҳбари Дмитрий Медведев билан учрашди.

Шунингдек, Ўзбекистон Бош вазири Москвада ташкил этилган "Очиқ инновациялар - 2019" форумида иштирок этиб, замонавий технологиялар, рақамлаштириш соҳасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Форум модератори, физика-математика фанлари доктори Иван Оселедец Ўзбекистон Бош вазирига мурожаат қилар экан ўз сўзини Ўзбекистоннинг минг йиллик тарих ва ажойиб ошхонаси ҳақида гапирди. Шундан сўнг у аксарият танишларидан эшитгани, Ўзбекистонни ҳеч қандай ижтимоий тармоқлар бўлмаган, рақамли цивилизациядан чарчаганлар роҳатланиб дам олиши мумкин бўлган мамлакат деб билишини айтди.

"Республика мустаҳкам рақамли тараққиёт йўлидан бормоқда. Ўзбекистон бу соҳада нималарни асосий вазифа деб билади?", дея савол берди Оселедец.

"Албатта, Ўзбекистонда бўлмаганлар шундай фикрласа керак. Биринчидан, Ўзбекистон замон билан, дунё билан тенг қадам ташламоқда, биргаликда ривожланмоқда. Бизда ҳам рақамли технологиялар ривожланиб боряпти ва биз бошқалар билан орамиздаги фарқни қисқартириш учун ҳаракат қилмоқдамиз", деди Абдулла Арипов.

Ўзбекистон Ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, рақамли инфраструктура билан таъминланганлик борасида мамлакатлар ўртасидаги фарқ ва нотенглик сақланиб қолмоқда. Халқаро электр алоқа иттифоқининг маълумотларига кўра, Ер юзи аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи интернетдан фойдаланиш имкониятига эга эмас. 

"Биз мамлакат аҳолисининг ярми истиқомат қиладиган қишлоқ жойларни рақамли имконият билан таъминлаш муаммосига тўқнаш келганмиз. Менимча, бу муаммо кўплаб давлатларда мавжуд. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун республикада рақамли инфраструктурани ривожлантириш бўйича махсус Президент дастури амалга оширилмоқда.

Хусусан, келгуси йил охиригача, мамлакатдаги барча ижтимоий объектлар, хусусан мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ва тиббиёт муассасалари, яъни 20 мингдан ортиқ объектлар оптик толали алоқага асосланган кенг полосали интернет билан қамраб олинади.

Мобиль тармоқлар абонентлари сонини 20-23 миллион нафарга етказиш режалаштирилган", деди Абдулла Арипов.

Бош вазирнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда муваффақиятли синовдан ўтказилган 5G мобиль тармоғини келгуси йилда Тошкентда тижорий мақсадда ишга тушириш мақсад қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулла Арипов интернет тезлиги ҳақида гапирди

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг