“Дунёда ким кўп – манқурт кўп” – адабиётшунос олим рус тилига расмий тил мақоми бериш таклифини қоралади

Жамият

image

Жамоатчилик орасида кун мавзусига айланган Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш тўғрисидаги мурожаатнома юзасидан адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Биз ўзбеклар, яқинда рус адабиётининг юз жилдлигини она тилимизда чоп этишга қўл урдик. Дастлабки жилд – Александр Пушкин асарларини ташкил этди. Биз ўзбеклар, мамлакатимизда Рус маданияти маркази таъсис этилганининг 25 йиллигини яқинда зўр шукуҳ билан нишонладик.

Биз ўзбеклар, дунё аҳолисининг атиги ярим фоизини ташкил этсак-да, бағрикенг, кўнгли очиқ бир эл эканимиз аҳли оламга яхши маълум. Чунки сабр-қаноат, муросаи мадора деган нарса қонимизга сингиб кетган. Гарчи “ғалчани иззат қилсанг, чориғи билан тўрга чиқади”, каби аччиқ мақолларимиз бўлса-да, бетамизларнинг тўрга чиқиб ёйилиб ўтиришига ҳам мудом чидаб келамиз. Қўрқувни, истиҳолани андиша деб андавалаймиз.

Бўлмаса, минг йиллик тарихга эга, бой ва рангин она тилимизни уч йил ичидаёқ чинакам давлат тили қилиб олмасмидик? Ўттиз йил бўляпти-я?

Даъвогар суст бўлса, қози муттаҳам бўлар эмиш. Миллий менталитетимиздаги “оғир-вазмин”, “етти ўлчаб, бир кесадиган” деб мақтови келиштириладиган сусткашлигимиз, агар қўйиб берилса, энди ўзимизнинг зиёнимизга хизмат қилиб қоладиган ҳам кўринади.

Гап шундаки, куни кеча аллақайси раҳнамоларининг даъватими, рағбатими билан, бир гуруҳ шахслар Ўзбекистонда рус тилини расмий тил даражасига кўтариш, “Давлат тили ҳақида”ги қонунга ўзгартиш киритиб, унга ўзбек тили каби ҳуқуқий мақом бериш таклифи билан чиқиб бонг урибдилар. Ўрмондаги дарахтларни қийратаётган болтадан омонлик йўқ, чунки унинг сопи ҳам бошқа эмас – ёғоч, деганларидай, ўзимиздан чиққан бу “узбек” зиёлилар ўз ташаббуслари Ўзбекистонда рус тили мавқеини юксалтиришга бел боғлаб (рус тили шунга зорми?), “Тимур Пулатов, Раим Фарҳодий, Сабит Мадалиев, Суҳбат Афлотуний, Бах Аҳмедов ва бошқа адибларнинг “прекрасний рус тилида” асар ёзишларини далил сифатида пешкаш қилишибди. Бироқ шуларга замондош, уларнинг назарида “унча прекрасний бўлмаган” ўзбек тилида асар ёзишса-да, бу мақталган ўрисзабон адиблардан ижоди чандон юқори турадиган Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Тоғай Мурод ва бошқа ўнлаб шоир-ёзувчилар эса, эсларига ҳам келмабди! Чунки бу ҳақиқат уларнинг даъволарига тўғаноқ бўлади-да.

Бугина эмас. Рус тилига Ўзбекистонда расмий тил мақомини бериш миллий давлатчилик илдизига ҳам путур етказишга олиб келишидан, балки бу муҳтарам зотларнинг хабарлари йўқдир. Зеро, ҳар қандай давлатнинг негизида тил туради, ҳар бир тил, каттами-кичикми, қадимийми-ёшми, бойми-камбағалми – бундан қатъи назар, бир давлат тузиш салоҳиятига эга, аммо дунёнинг энг катта, қудратли давлатлари ҳам биронта тилни пайдо қилишдан ожиз. Тил – шундай мўъжиза нарса.

Хат муаллифлари бир неча тил бирваракай давлат тили деб эълон қилинган баъзи мамлакатларни ҳам мисол келтиришади. Бу энди – ўша юртларнинг иши, ўз шароитидан келиб чиққан воқелик. Улар бизнинг давлат тили ҳақидаги сиёсатимизни улги қилиб олмаганлари сингари, уларнинг “ранг-баранг”лиги ҳам бизга ибрат бўла олмайди. Биздаги реал вазият шундайки, рус тилига “расмий тил” мақоми беришга йўл қўйилса, қоғозда – иккитиллилик, амалда эса рус тили яна тахт устига минди, деяверинг. Бусиз ҳам кўп маҳкамаларда рус тилида иш юритиляпти. Шунинг учун ҳам бу таклиф-ташаббус зимнида ниҳоятда манфур бир таҳдид ётибди. Қолаверса, Ўзбекистонда аҳолининг 80 фоиздан ортиғи ўзбек. Қолганлари тожик, қозоқ, қирғиз ва ҳоказо. Руслар эса 2,3 фоиздан ҳам камроқ. Шундай бир ҳолда бундай таҳликали ташаббус ҳар қандай мантиқдан холидир, у она халқини севган, мамлакатини ҳар томонлама озод ва гуллаб-яшнаган ҳолда кўришни орзу қилган кишиларни хавотирга солиши табиий.

Нега, нима учун шундай бўляпти? Чунки дунёда ким кўп – манқурт кўп. Манқурт – ҳар бир идора ва корхонада, ташкилот ва маҳкамада топиладиган, миллати бор, аммо миллий ғурури йўқ кимса. Қорнининг ғамини орининг ғамидан устун қўядиган, сиртдан ўта зиёли, аммо ўзбек бўлиб туғилганидан фахрланмай, ўкинадиган нафс бандаси. Манқуртнинг белгиси шуки, унинг учун эл-халқ, миллат деган нарса йўқ, аҳоли бор, холос.

Эҳтимол, “Рус тили бизга бегона эмас” деб хат чиқарган бу ўн саккиз нафар зиёлининг биров-ярими ўзбек тилини, чала-чулпа бўлса ҳам, билар. Эҳтимол, бу ўн саккиз одамнинг ортида қайсидир бир хорижий маҳкама эмас, рус тили давлат тилига айланишини орзулаётган... боринг ана, ўн саккиз минг одам бордир ҳам. Аммо ўттиз уч миллионли ўзбек халқи-чи? Бу халқнинг давлати бўлсину, давлатли тили бўлмасинми?

Бу гапни муболаға, маҳоват дегувчиларга айтадиганимиз шуки, ўзбек тилининг давлат тилига айланиши таҳликали аҳволда – деярли барча давлат идораларида иш давлат тилида эмас, рус тилида юритиляпти. Боз, махфий эмаски, давлат ишлари қайси тилда юритилса, ўша тил – давлат тили бўлади – биздаги кўнгилбўшлик, ўзибўларчилик ниҳоят, шунга олиб келяпти.

Олий Мажлис Сенатининг раиси Неъматулла Йўлдошев 2018 йил 13 декабрда “Давлат тили ҳақида"ги қонун ижросини танқидий баҳолаб ўтган эди. Яъни, қонун бажарилишини талаб қилди, холос. Энди ижтимоий тармоқдаги русийзабон ва чаларусий “фаоллар”нинг қайнаб тошишини кўринг! Сенат раисининг шу қонуний талаби уларни шунча жазавага солди-ки!

Демак, кураш кетаётир. Рус тилининг “жонкуяри” бўлган валломатларнинг бу ҳақдаги таклифи эса биз учун огоҳлик қўнғироғи.

Бизнингча, давлат тилидаги қонуннинг ўзини бир қайта кўриб чиқиб, бунақа “мулоҳаза”ларга ўрин қолдирмайдиган ҳолга келтириш керак.

Бу ҳақда фикр юритганда, дафъатан хаёлимизга, гап қонунда эмас, унинг ижроси оқсаётганида-ку, деган фикр келади. Бироқ қўшни давлатларнинг шундай қонунлари матни билан танишиб чиқиш, аввало, биздаги қонуннинг ўзи номукаммал эканини кўрсатди.

Чунончи, Ўзбекистонда давлат тили тўғрисидаги қонун 5 187 белгидан иборат бўлса, Қозоғистонда 15 013 белги, Озарбойжонда 12 000, Туркманистонда 15 468, Қирғизистонда 14 063, Тожикистонда 8 600, Россия Федерациясининг давлат тили тўғрисидаги қонуни 10 158 белгидан иборат. Қаранг, Марказий Осиёдаги энг “кичкина” қонун шу минтақадаги энг катта давлатга тегишли бўлиб чиқяпти. Қолаверса, титул миллат вакиллари энг салмоқлиси ҳам Ўзбекистон эди.

Бинобарин, Ўзбекистонда давлат тили ҳақидаги қонун “яйраб” ижод этилиши лозим эди. Афсуски, Ўзбекистоннинг бу қонуни энг ихчам, боз, унинг “тиш-тирноғи” йўқ – бирон моддаси бажарилмаса, жазо берадиган механизми мавжуд эмас. Мана, Ўзбекистон қонунининг дастлабки моддаларини айрим қўшнилар қонунлари моддаларига қиёслаб кўрайлик:

Ўзбекистон: “1-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.”

Бироқ бу “қалтис” гап учун кейинги олтита моддада “узр” сўралади:

“2-модда. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди.

3-модда. Ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари ушбу Қонун ва бошқа қонунлар билан белгилаб берилади. Тилнинг Қорақалпоғистон Республикасида амал қилишига боғлиқ масалалар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Ушбу Қонун тилларнинг турмушда, шахслараро муомалада ҳамда диний ва ибодат билан боғлиқ удумларни адо этишда қўлланишини тартибга солмайди.

Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.

4-модда. Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит ҳамда унинг ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланади, бу тилларни ривожлантириш учун шарт-шароит яратилади.

Фуқароларга давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилади.

5-модда. Ўзбекистон Республикасида давлат тилида фаолият кўрсатадиган, миллий гуруҳлар зич яшайдиган жойларда эса — уларнинг тилларида фаолият кўрсатадиган мактабгача тарбия болалар муассасаларини ташкил этиш таъминланади.

6-модда. Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахсларга таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқи берилади. Ўзбекистон Республикаси давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда ҳам умумий, ҳунар-техника, ўрта махсус ва олий маълумот олишни таъминлайди.”

Ҳолбуки, бошқа барча қўшни давлатларнинг тил тўғрисидаги қонунларида бунақа майинлик йўқ – уларда қонун руҳи ва услуби устувор:

Арманистон: “Арманистон Республикасининг давлат тили – арман тилидир, бу тил республика ҳаётининг барча соҳасида амал қилади. Арманистон Республикасининг расмий тили – арман адабий тилидир. Арманистон Республикаси арман тилининг мамлакат ташқарисида яшайдиган арманлар ўртасида сақланиши ва тарқалишига кўмаклашади”.

Тожикистон: “1. Тожикистон Республикасининг давлат тили тожик тилидир. 2. Тожикистон Республикасининг ҳар бир фуқароси давлат тилини билишга мажбурдир.”

Қирғизистон: “Қирғиз тили Қирғизистон давлатчилигининг бош асосларидан бири сифатида давлат ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари фаолиятининг барча соҳаларида амал қилади”...

Озарбайжон: “1. Озарбойжон Республикасининг давлат тили озарбойжон тилидир. Озарбойжон Республикасининг ҳар бир фуқароси давлат тилини билишга мажбурдир.” 2. Озарбойжон тили давлат тили сифатида мамлакат ҳаётининг барча сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, илмий ва маданий соҳаларида фойдаланилади. 3. Озарбойжон Республикаси давлат тилидан фойдаланишни, уни ҳимоя қилиш ва ривожлантиришни таъминлайди.”...

Қозоғистон: “Қозоғистон Республикасининг давлат тили қозоқ тилидир. Давлат тили – давлат бошқаруви, қонунлар, суд юритиш, иш юритиш тили бўлиб, бутун давлат ҳудудида ижтимоий муносабатларнинг барча соҳаларида амал қилади. Давлат тилини билиш ҳар бир Қозоғистон Республикаси фуқаросининг бурчидир.”...

Ўзбекистоннинг бу юмшоқ қонунини бошқа моддалар бўйича ҳам улар қонунларига солиштирсангиз, манзара ўзгармайди.

Шундай экан, аввало, бу қонуннинг ўзини мукаммаллаштириш шарт. Бунинг учун қонуншунос мутафаккирлар тил ҳақидаги қонунимизни бошқаларнинг шундай ҳужжатларига қиёсан кўриб чиқиб, етишмаган моддаларни улардан олиш ҳақида таклиф беришлари керак.

Ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги обрўси қонунларга амал қилинишини таъминлаш билан юксалади. Ҳукумат дегани эса қонун ижросига масъул маҳкама. Шундай экан, қонунни такомиллаштириш, уни тишли-тирноқли бир ҳолга келтириш ва бажарилмаган ҳолларда тайинланадиган жазо механизмини барпо этиш билангина мурод ҳосил бўлади. Ўзбекистонда ўзбек тили чинакам давлат тилига айланади.

Юқоридаги қонун матнларидан бирида шу мамлакат халқининг тили давлатчиликнинг бош асоси сифатида кўрсатилган эди. Бу ҳақ гапни ўзбек тилига татбиқан ишлатишдан мунча эҳтиётланамиз?


Мақола муаллифи

Теглар

рус тили расмий тил Зуҳриддин Исомиддинов

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг