Талабалар ўқишини хорижий ОТМдан Ўзбекистонга кўчириш тартиби ўзгардими?
Жамият
−
09 Декабрь 2019
10535Ижтимоий тармоқларда хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларни зудлик билан кўчириб келиш; ўқишни кўчириш учун имтиҳонлар пуллик бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги бу хабарлар асоссиз экани ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Қайд этилишича, “фейк” ахборотлар оқими вазирлик каналида ноқонуний тарзда абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинаётгани ва шу каби қонунга зид ҳолатлардан аҳолини огоҳлантириш мақсадида маълумотлар эълон қилингандан сўнг кучайди.
“Бундай ёлғон хабарларга вазирлик расмий телеграм каналининг ҳаволаси қўйилиши ортидан айрим юртдошларимиз уларга ишониб қолмоқда, вазирликка оғзаки, ёзма ва интернет орқали мурожаатлар сони кўпаймоқда.
Хорижда таҳсил оладиган талабалар ва уларнинг ота-оналарига шуни расман маълум қиламизки, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш тартибига ҳеч қандай ўзгартириш киритилгани йўқ!
Бу бўйича барча жараёнлар ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида амалга оширилади.
Бунда хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистон Республикаси ОТМрига кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш истагини билдирган ЎзР фуқаролари тизимида ОТМлари мавжуд вазирлик ва идораларда ташкил қилинган комиссияларда ўқиши кўчирилаётган ОТМларининг муайян таълим йўналишидаги ўқишга кириш фанлари бўйича ўқийдиган тилида махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш ёки касбий (ижодий) имтиҳон шаклида) топширади.
Жорий йил 28-30 август кунлари хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш бўйича мурожаат қилган номзодлар учун масофавий онлайн тест синовлари ўтказилди.
2020/2021 ўқув йили учун синовлар келгуси йилда бўлиб ўтади. 2019 йилда ўқишни кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш бўйича имтиҳонлар ўтказилмайди!
Халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатдан жой олган Россия Федерацияси олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг аризаларига мувофиқ уларнинг ўқиши Давлат комиссияси қарори билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига синовлар (тест, ёзма иш)сиз тўлов-контракт асосида кўчирилади.
Бу туркумга кирувчи ОТМларда таҳсил оладиган талабалар ҳам 2020 йилнинг 15 июлдан 5 августга қадар мурожаат қилишлари керак.
Талабалар ўқишини кўчириш узрли сабабларга кўра (республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган (паспорт бўйича доимий рўйхатдан ўтган) ҳудудга кўчиб ўтганда, турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда, ёхуд ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда) баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин.
Бунда ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар; ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади”, дейилади вазирлик хабарида.