Рўзиев газак олган ярани бостириш учун Яккабоғга борди

Жамият

image

Кеча, 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан огоҳлантирилган Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев бугун эрта тонгдан Яккабоғ туманига борди. Рўзиев Эски Яккабоғ қўрғончасида юзага келган муаммоли вазиятларга чек қўйиш мақсадида аҳоли ва тадбиркорлар билан юзма-юз учрашган. 
 
Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали Яккабоғ тумани Эски Яккабоғ қўрғончасида тадбиркор ва туман ҳокимининг ўринбосари ўртасидаги можароли видео тарқалгани кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унда “Обод қишлоқ” дастури асосида савдо дўкони бузилишини истамаган тадбиркор туман ҳокимининг ўринбосарини ёқиб юборишга уринган ҳолат тасвирланган. Бунга сабаб эса Эски Яккабоғ қўрғончасида 30 нафар тадбиркорнинг савдо дўкони огоҳлантирилмасдан бузилганидир. Уларнинг ҳеч бирига компенсация пуллари тўлаб берилмаган. 

Мазкур воқеа ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари орқали бутун дунёга овоза бўлди. Давлат раҳбари тезкор йиғилиш ўтказди, ҳокимларни огоҳлантирди. Ҳукумат раиси Яккабоғ тумани ҳокими (Донаев), туман прокурори (Халилов) туман ҳокимини қурилиш масалалари бўйича ўринбосари (Туймаев)ни ишдан олди. 

Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев Хуррамович ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди.

Газак олиб бўлган ярани бостириш учун туманга борган Қашқадарё вилояти ҳокими Рўзиев туман ҳокимлиги вакилларининг хўжасизларча ҳаракатларидан азият чеккан Низом Воҳидов, Дилфуза Боқиева, Фарруҳ Жабборов ҳамда Зафар Жўраевларнинг хонадонида бўлган. 

Ҳокимнинг ташрифидан кейин мавжуд муаммолар жойида бартараф этилгани айтилмоқда. Шунингдек, уй-жойи бузилган 7 нафар фуқарога ҳамда ҳовли деворлари бузилган 27 нафар фуқарога 1 миллиард 700 миллион сўм компенсация пуллари тўланиши режалаштирилган.
 
Бугун,  28 июль эрта тонгдан Эски Яккабоғ қўрғончасида катта ҳашар ташкил этилди. Барча техникалар жалб этилган ҳамда ҳашарчилар ва маҳаллий аҳоли вакиллари учун ош тортилмоқда.
 
Эски яккабоғликлар қалбида бир мақсад, у ҳам бўлса, шу ҳудудни обод қилиш, cўлим масканга айлантиришдир. Ҳудуд аҳолиси бўладиган ижобий ўзгаришларга ўз ҳиссасини қўшиш учун доимо тайёр эканлигини билдиришди.
 
Эслатиб ўтамиз, вилоят ҳокимининг 2018 йил 12 сентябрдаги “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқлардан ташқари Яккабоғ туманининг “Эски Яккабоғ”қишлоғида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда туман ҳокимининг 23 апрелдаги тегишли қарорлари ижросини таъминлаш бўйича Эски Яккабоғ қишлоғининг бош режаси асосида умумфойдаланув давлат аҳамиятидаги 4R84 “Яккабоғ-Чироқчи-Шўрбоғ” автомобиль йўлининг 0-3 километрлари қайта реконструкция қилиниши муносабати билан янги лойиҳалаштирилган автомобиль йўлининг ўрнига тушган давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган Эски Яккабоғ қишлоғи ҳудудидаги нотураржой бинолари бузилиш ишлари олиб борилмоқда.
 
Маълумот ўрнида, Эски Яккабоғ қишлоғида 15 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қўрғонча бир пайтлар туман маркази сифати фаолият юритган. Бу ерда 3 та – “Эски Яккабоғ”, “Мустақиллик” ва “Ибн Сино” маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Ҳудудда 1 та болалар оромгоҳи, 3 та мактаб, 1 та ихтисослаштирилган мактаб интернат, 2-сонли туман марказий шифохонаси, туман ветеринария бўлими, 1 та мактабгача таълим муассасаси, “Эски Яккабоғ” озиқ-овқат деҳқон бозори, оилавий поликлиника ва бошқа ташкилот, идоралар мавжуд. 170 дан зиёд савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва коммуникация тизимларида 220 нафардан зиёд тадбиркор фаолият юритмоқда.
 
Айни пайтда вилоят ҳокими ва соҳага алоқадор вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирокида сайёр қабул давом этмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: Нега ҳокимлар, хусусан, Қашқадарё вилояти ҳокими Жаноб Рўзиев аҳоли ва тадбиркорларнинг дардига ўз вақтида қулоқ тутмади? Нега шу компенсация масаласини деворларга дарз кетгунча ҳал этмади? Сўнгги пушайман ўзингга душман. Икки ўртада бир ҳоким ўринбосари бир умрга мажруҳ бўлиб қолди. Мол аччиғида бировнинг жонига қасд қилган тадбиркор эса жиноий жавобгарликка тортилди. Пахта, мажбурий меҳнат ортидан экилган қаддини эндигина тиклаб бораётган Ўзбекистоннинг номига путур етгани қолди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Зафар Рўзиев Яккабоғ тумани

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг