Наманганда бемор 18 кишига коронавирус юқтирган. Улар орасида келин-куёв ҳам бор

Жамият

image

Наманган вилоятида бир фуқаро 38 кишига, яна бири тўй маросимида 18 кишига коронавирусни юқтирган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров ўзининг телемурожаатида маълум қилган. 

“Вилоятимизда касалликка чалинган фуқароларимиз ҳақида айтадиган бўлсак, бир фуқаро 38 кишигача бўлган фуқароларимизга юқтирганини кўриш мумкин. Бошқа яна бир ҳолат – 19 мартда шу касалликка чалинган фуқароларимиздан бири тўй маросимига бориб 18 кишига юқтиргани ҳамда энг ачинарлиси, янги келин-куёвга ҳам касалликни юқтиргани фуқароларимизга хулоса учун мисол бўлмаяптими?”, дея кескин фикр билдирган Хайрулла Бозоров.

Вилоят ҳокими ўзининг мурожаатида, пандемиянинг хавфли экани ва  касаллик олдида АҚШдек кучли давлат ҳам ожиз қолаётганини мисол қилиб келтирган. Бозоров бу ҳаммага сабоқ бўлиши кераклигини айтган.  

“Бугун интернет нашрларда вазият қанчалик тез ўзгараётганини ҳаммамиз ўқияпмиз. ОАВда тарқалган хабарларга кўра, АҚШда коронавирусга чалинганлар сони ярим миллиондан ортган. Бир кунда вафот этганлар сони 2100дан ошгани бизнинг фуқароларга сабоқ бўлмадими? Шундай қудратли бўлган АҚШ каби давлат коронавирус пандемияси олдида қанчалик ожиз қолгани ҳар бир фуқарони ўйлантириши керак-ку”, дея таъкидлаган вилоят ҳокими.

Маълумот ўрнида, вилоят ҳокими Наманган вилоятида уч кунда аниқланган беморларнинг 6 нафари касалликни қаерда юқтирганини билмаслигини айтиб ўтган эди.  Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани ҳудудида транспорт ва фуқароларнинг ҳаракатланиши эса 13 апрель соат 06:00дан бошлаб бутунлай тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Бугунгача касалланганларнинг 99 нафари даволанган, 4 нафари вафот этган. 

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor 


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус Хайрулла Бозоров

Баҳолаганлар

222

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг