Расман: бугундан Швеция НАТОга аъзо бўлди

Олам

image

Швеция 7 март куни расман НАТОга қўшилди ва альянснинг 32-аъзосига айланди. Бу ҳақда Оқ уй берган баёнотда маълум қилинди.

5 март, сешанба куни эрталаб Венгрия Президенти Тамаш Шуйок Швециянинг НАТОга аъзолигини ратификация қилиш бўйича ҳужжатни имзолади. Шундай қилиб, Венгрия Швециянинг иттифоққа қўшилишига тўсқинлик қилиб, ниҳоят рози бўлган НАТОнинг сўнгги аъзо давлати бўлди.

Оқ уй Швециянинг альянсга кириши АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигини оширишини қайд этган. Унга кўра, НАТО дунё тарихидаги энг қудратли мудофаа иттифоқи ҳисобланади ва у 75 йил аввал Иккинчи жаҳон уруши вайроналари остида тузилган бўлишига қарамай бугунги кунда ҳам инсонлар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

“Швеция 2024 йил 7 мартда альянсга расман қўшилди ва 32-иттифоқчига айланди. Швеция бизнинг қадриятларимиз ва дунёқарашларимизга монанд юқори самарали армияга эга кучли демократик давлатдир", дейилади баёнотда.

Давлат департаменти маълумотларига кўра, Тошкент вақти билан соат 21:15 да АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон билан учрашади. 11 март куни НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида Швеция байроғи кўтарилади.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Швеция Оқ уй

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг