“Сижжак” дам олиш зонаси Триатлон федерациясига текинга берилади

Жамият

image

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Сижжак” дам олиш зонасини бепул асосда Ўзбекистон Триатлон федерациясига бериш режалаштириляпти. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида шулар назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тайёрланган қарор лойиҳасида дам олиш зонасида триатлон бўйича миллий терма жамоа шуғулланиши учун федерациянинг машғулот базасини барпо этиш кўзда тутилган.

База ҳудудида Тошкент вилояти бюджети ҳисобидан ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари, сув, электр, газ таъминоти ва автомобиль йўллари қуриш, шунингдек, Республика йўл жамғармаси ҳисобидан велоспорт билан шуҳулланиш учун йўллар қуриш кўзда тутилган.

Молия вазирлиги эса ҳар йили бино ва базани қўриқлаш бўйича Миллий гвардияга тўланадиган ҳамда базани мазут ва электр энергия билан узлуксиз таъминлаш ва барча турдаги коммунал тўловлар учун федерацияга маблағ ажратиб боради.

Лойиҳада таъкидланишича, дам олиш зонаси ҳудудида спорт иншооти, меҳмонхона, учта ҳовуз, амфитеатр, коттеж ва бошқа бинолар қурилади.

Ҳужжатда кўрсатилишича, мазкур мулк Жиноят ишлари бўйичап Тошкент вилояти суди қарори билан 2017 йил 10 февралдаги иш доирасида чеклов қўйилган. Агар суд ўз қарорини ўзгартирса ёки бекор қилса, федерация мулкни эгасига қайтариши ёки бадал тўлаб бериши керак бўлади. Аммо ҳужжатда унинг эгаси кўрсатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Триатлон федерациясига жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг кенжа куёви, Президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров раҳбар бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Триатлон федерацияси Сижжак

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг