Адлия вазирини чақиринглар, эшикларни ёпиб, қонун ёзишни қачон ўрганишини сўранглар – Президент
Жамият
−
20 Январь 2020
11693Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилиши давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев мажлисда сифатсиз қонунлар масаласида алоҳида тўхталиб ўтди. У Қонунчилик палатаси депутатларига юзланар экан:
“Қонунларни такомиллаштиришни масъул вазирликлардан талаб қилинг. Қонунни тайёрлаган ташаббускор вазир билан, Адлия вазирининг шу соҳага масъул ўринбосарини ишдан олиш ҳақида таклиф беринглар, ҳамма нарса ўзгаради. Вазият ўзгаради. Президент обрўингизни сақлаш учун сизларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Фақат шунга асос тайёрлаб беринглар.
Яна қайтараман, бу масала билан сизлар банд бўлмаслигингиз керак. Диққат эътиборингизни қонунларда халқ манфаати қай даражада акс этаётганига қаратинг”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёев шунингдек, аввалги ишлаган лавозимларида ҳам, ҳозир ҳам халқ манфаати юзасидан қарор чиқаришни биринчи даражада деб билишини айтди.
“Қадимги Рим шоири Публилий Сирнинг мазкур жумласини ўзингизга шиор қилиб олсангиз яхши бўларди. “Қонунлар кучли бўлган жойда, халқ ҳам албатта кучли бўлади”. Халқ қонуним бор экан, мени ҳар соҳада ҳимоя қилади деб ўзига ишонади. Мана сизлар нималарга эътибор қаратишингиз керак.
Вергул қўйилмабди ва шу каби техник хатоларга сизлар диққатингизни қаратишингиз керак эмас. Бу ташаббускор вазир, Адлия вазирининг хатоси. Сизлар эса ушбу қонунда халқ манфаати борми, деб ўйлашингиз керак.
Адлия вазирини чақиринглар, эшикларни ёпиб, қонун ёзишни қачон ўрганишини сўранглар. Ташаббускор вазирлардан ҳам сўранг”, дея Шавкат Мирзиёев Қонунчилик механизмидаги хатолар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.