Пенсияни ҳисоблаш учун янги тартиб жорий этилади
Жамият
−
11 Февраль 2020
11562Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб пенсияни ҳисоблаш учун янги тартиб жорий этилади. Бу ҳақда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси ва 2020 йил Давлат дастури лойиҳасида қайд этилган.
Ҳужжат билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб жорий этиладики, унга мувофиқ пенсияни ҳисоблаш учун меҳнат стажини тасдиқлаш ва иш ҳақи миқдорини белгилашда архив маълумотларини тақдим этмасдан:
• 2005–2016 йиллар даври учун жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллари тўғрисидаги маълумотлардан;
• 2016–2018 йиллар даври учун Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;
• 2019 йилдан кейинги давр учун Фуқароларнинг ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан фойдаланилади.
Ушбу бандда кўрсатилган даврлар учун архив маълумотларидан фақат тизимларда зарур маълумотлар мавжуд бўлмаганда ёки аризачининг мурожаати юзасидан фойдаланилади. Аризачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш ҳамда қўшимча архив маълумотларини талаб қилиб олиш зарурати бўлганда аризачига пенсия минимал миқдор бўйича сиртдан расмийлаштирилади ва кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда манфаатдор идоралар ўртасида электрон маълумот алмашишни йўлга қўйиш ва зарур маълумотлар базасини ҳамда фуқаролар учун уларга тайинланган пенсия тўловлари тўғрисидаги тегишли маълумотлар билан танишиш, шу жумладан, автоматик ҳисоблаш имкониятини яратишни инобатга олган ҳолда пенсия тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.
LiveБарчаси