Ипотека кредитлари муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилди – Президент қарори

Жамият

image

"Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" Президент қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, аҳолига кўчмас мулк сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилди.

Ушбу жараён 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 январгача бўлган даврда амал қилади.

Бундан ташқари, Молия вазирлигига бир ҳафта муддатда янги тартиб доирасида тижорат банкларида жойлаштирган кредит ресурслари муддатини 15 йилдан 20 йилгача узайтириш, тижорат банкларига бир ой муддатда янги тартиб доирасида жисмоний шахсларга берилган ипотека кредитлари муддатини 15 йилдан 20 йилгача узайтириш ҳамда тузилган шартномаларга тегишли ўзгартиришлар киритиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг максимал ҳажми оширилди.

  • Қишлоқ жойларда - икки хонали квартиралар учун 174 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача,  уч ва ундан ортиқ хонали хонадонлар учун 224 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;
  • шаҳарларда - икки хонали квартиралар учун 180 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, уч ёки ундан кўп хонали хонадонлар учун 232 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;
  • Тошкент шаҳрида - икки хонали квартиралар учун 198 миллион сўмдан 264 миллион сўмгача, уч ёки ундан кўп хонали хонадонлар учун 255 миллион сўмдан 352 миллион сўмгача.

Янги тартиб доирасида аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари (шу жумладан, бугунги кунга қадар ажратилган ипотека кредитлари) муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилади.

 

2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига янги тартиб доирасида шаҳар ва қишлоқ жойларида 4 ва ундан юқори қаватли ҳамда Тошкент шаҳрида 7 ва ундан юқори қаватли кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ажратилган тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари бўйича:

  • кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилади;
  • фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган ва суммаси 20 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тўланади.

Бунда, кафиллик ва компенсациялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан квартира бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати ҳамда 2 хонали, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар майдонининг белгиланган меъёрларини инобатга олган ҳолда кўп квартирали уй-жойлар қурилганда берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

ипотека

Баҳолаганлар

275

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг