Президент Ортиқхўжаев ва солиқ идоралари раҳбарлари фаолиятини танқид қилди
Жамият
−
05 Апрель 2019
12098Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 4 апрель куни 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва туманлар солиқ идоралари раҳбарлари фаолиятини қаттиқ танқид қилган.
Республика бўйича чорак якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадлари режага нисбатан 1 триллион 253 миллиард сўм ортиғи билан бажарилиб, ҳудудлар ихтиёрида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолган.
Бюджетга тушумлар прогнози 9 туман ва шаҳарда бажарилмаган.
Айниқса, Тошкент шаҳрининг ўн битта туманидан еттитасида тушумлар прогнози бажарилмаган. Ушбу туманлар солиқ инспекциялари раҳбарлари лавозимларидан озод этилган.
Шаҳар ҳокимлиги ва солиқ идоралари раҳбарлари томонидан бюджетга тушумларни таъминлашда сусткашликка йўл қўйилганлиги қаттиқ танқид остига олинган
Бундай ҳолатлар вилоятларда ҳам қайд этилган. Шу сабабли Давлат солиқ қўмитасига маҳаллий бюджетга тушумлар прогнози бажарилмаган қатор туман ва шаҳар солиқ идоралари раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини танқидий кўриб чиқиш топширилди.