... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Қулоғимиз қачон тинч бўлади? Пахтани термасакми ёки экмасак?


15:07, 17.10.2017 Жамият
 18 315

Ўзбекистонни пахта боқади деган жўн фикр бугун ўзини оқламай қўйган. Шундай бўлсада Ўзбекистон пахтасининг дунё бозорига чиқиши, бозорда харидоргир бўлиши мамлакат иқтисодиётига фойда бўлса борки, зарар эмас.

Ҳар соҳада бўлгани каби ахборот оламида ҳам хабарлар мавсумини кузатиш мумкин. Эътибор берганмисиз, ҳар йилнинг куз ойлари бошланиши билан Ўзбекистон ва дунё ОАВларининг асосан ўзбек ўқувчиларига аталган нашрлари пахта теримини ёритиш билан банд бўлади. Ким, қандай, қайси алфозда..?
 
2013 йил...
Жаҳонга машҳур хонандалардан бири Ўзбекистонда режалаштирилган концертини бекор қилди. Ўшанда ҳам куз ойлари эди. Ўзбекистон пахтасини вояга етмаган болалар териши ҳақидаги тасдиғини топмаган маълумотлар сабаб хонанда Ўзбекистонга келиб қўшиқ куйлашдан бош тортди. Табиийки, Ўзбекистонга тиш қайраб турганлар учун бу айни муддао бўлди. Ўша вақтдаги халқаро матбуотда чоп этилган мақолаларда Ўзбекистон яна қораланди, танқид қилинди, хонанданинг концертни бекор қилгани олқишланди. Гарчи бунга етарли асос бўлмасада...


 
Шу ўринда болалагим ёдимга тушди... Тошкентда туғилиб, шу ерда ўқиб, вояга етдим. Сафарга чиқмагунимча пахта даласини кўрмаганим рост. Мактаб ва лицейдаги табиий фанлар, хусусан, меҳнат дарслари айрим ҳолларда очиқ ҳавода ўтиларди. Мактаб ҳовлисида гулларнинг турини, хусусиятларини, дарахт ва жонзотлар оламини ўрганардик. Кун келиб боғ ташкил қилдик, бу боғнинг атрофини кўкаламзорлаштириш, унга ишлов бериш ҳам ўзимизнинг гарданимизда эди. Синфхонада бир-бири билан чиқиша олмаганлар ҳам умумий меҳнатга келганида аҳил-иноқ бўлиб қоларди. Кўп қаватли уйда яшаганим, чопиқ қилиш тугул, кетмон ушлашни ҳам билмаганим учун ана шу боғ атрофидаги ободонлаштириш ишлари мени уй ишларига ўргатган. Катта ҳаётга қадам қўйиб, лицейда ўқишни бошлаганимда ҳам ерга ишлов беришдаги ўша вақтда орттирилган билимлар менга ас қотди.
 
Савол туғилади: меҳнат дарсидан даладаги қурт-қумурсқа, ўсимликлар, боринг ана, пахта хусусиятларини ўрганиш учун борган болалар — пахта терган бўлиб қоладими? Терди ҳам дейлик... Хўш? Бугун хориж ОАВларининг инсон ҳуқуқларини топташ, мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳақидаги бўрттирмалари сабаб болалар дала атрофидан шунчаки ўтолмайдиган ҳам бўлди!
 
Талабалар-чи? Қишлоқ хўжалиги, техника соҳасида ўқиётган талаба пахта даласини кўрмай мутахассис бўлиши мумкинми? Хориж ОАВларининг фикрича, мумкин. Далага қадам босмаса бўлди! Пахта, ер ва чигитнинг хусусиятларини аудиторияда ўтириб ҳам ўрганиш мумкин. Уни термаган, меҳнатини ҳис этмаган одамдан қандай мутахассис чиқади?! Зўр мутахассис чиқади, пахта термаса (!) бўлди. Ахир буни хорижлик валломатлар айтяпти...


 
Навбат катталарга...
Пахта теримига давлат ташкилотлари ходимлари жалб қилиняпти ҳам дейлик. Хўш, ўқувчи термаса, талаба термаса, ёки давлат ташкилотларининг кўнгиллилари термаса — пахтани ким териши керак? У ўқитувчи, шифокор ёки фермер ёллаган ишчими, фарқи йўқ — давлат терилган пахтанинг пулини тўлаяпти! Озиқ-овқат билан таъминлаяпти! Пахта далаларида меҳнат қилаётганларга совға-салом, ташаккурномалар, пул мукофотлари, маданий хордиқ чиқаришлари учун концерт дастурлари...
 
Хўш, яна нима қилиш керак? Нима қилсак, қулоғимиз тинч бўлади?! Пахтани термасакми ёки экмасак?
 
Статистик маълумотларга мурожаат этсак...
Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан зиёдини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Уларнинг аксарияти ўқувчи ва талаба. Ўзбекистон ҳукумати ўқувчи ва талабаларнинг пахта далаларига чиқишини аллақачон ман этган. Талаба, гарчи қишлоқ хўжалилиги соҳасида ўқиса ҳам, терим вақти пахта даласига бора олмайди. Аҳолининг қолган 40 фоизини эса ўрта ёшдагилар ва кексалар ташкил этади. Ана шу 40 фоиздан чамаси 15–20 фоизи кексалар. Демак, 20 фоиз аҳоли кучига таянишга тўғри келяпти... Бундан 90 фоизи уюшган, жамиятда ўз ўрнини топганлар. Олдимизда эса бир йўл қоляпти. Ўқувчи ва талабаларга тегмаймиз, кексаларга ҳурмат кўрсатиб, ўша 20 фоиз ичидан кўнгиллиларни пахта даласига жалб этамиз... Энди ўйлаб кўринг, Ўзбекистон кимнинг кучига, кимнинг меҳнатига таянсин? Ахир пахтамизни четдан биров келиб териб бермайди-ку!


 
Ўзбекистонни пахта боқади деган жўн фикр — бугун ўзини оқламай қўйгани барчага маълум! Шундай бўлсада Ўзбекистон пахтасининг дунё бозорига чиқиши, бозорда харидоргир бўлиши мамлакат иқтисодиётига фойда бўлса борки, зарар эмас.
 
Келинг, шу ўринда тарихга мурожаат этсак. 1990 йилда Ўзбекистондаги ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш собиқ Иттифоқдаги 15 та республика орасида 12-ўринда турарди. Миллий даромад ишлаб чиқариш Иттифоқдаги кўрсаткичнинг 50 фоизини, халқ истеъмоллари моллари ишлаб чиқариш 40 фоизни ташкил қилган. Ўша даврларда қолган маҳсулотлар Ўзбекистондан ташиб чиқиб кетилган пахта ўрнига бошқа мамлакатлардан олиб келинган. Олиб чиқиб кетилган маҳсулот билан бизга келтирилгани орасидаги камомад 898 миллион рублга тенг бўлган. Бунинг оқибатида республика аҳолиси истеъмол қиладиган гўшт, сут маҳсулотлари ва тухум ўртача Совет Иттифоқи аҳолисига нисбатан 50 фоизни ташкил қилган. 75 фоиз ўзбекистонликларнинг истеъмол товарларига бўлган эҳитиёжлари бошқа республикалардан маҳсулот етказиб бериш ҳисобига тўлдирилган. Аҳолининг аксарияти ойига атиги 70 рубль даромад олган. Ўшанда республикадаги болалар ўлими кўрсаткичи дунёдаги юқори ўринлардан бирини эгаллаган.


 
Энг қизиғи шундаки, пахтани экспорт қилишдан тушган барча валюта маблағлари Москвада қоларди. Йиллар давомида ўзи эккан, етиштирган ва икки букилиб терган пахтасидан ўзи эмин-эркин фойдалана олмаган Ўзбекистон халқи айбдор ҳам деб топилди. Буни тарих “Пахта иши” воқеалари билан яхши эслайди.

80-йилларда Ўзбекистон аҳолиси қанча эди? Ҳозиргининг ярми — 16 миллион атрофида. Ўшанда Ўзбекистондан марказга 6 миллион тоннадан ортиқ пахта етказиб бериларди. Таълим даргоҳларида ўқиш жараёни тўхтар, давлат ташкилотлари, корхона ва муассасаларнинг асосий эътибори йиғим-теримга қаратиларди. Пахта ўзимизда қолармиди? Йўқ, 6 миллион тонна пахтани йиққан ўзбекнинг ўзи тўшакка, иссиқ кийимга зор қоларди!
 
Эскилар яхши хотирлайди. Пахта терими ўша вақтлар деярли 4 ой — 25 декабрга қадар давом этарди. Ҳатто янги йилни қаҳратон совуқда, музлаб ётган пахта чаноқлари орасида қаршилаганлар ҳам талайгина...
 
Бугун-чи? Бугунги кунни ўша вақтлар билан тенглаштиришга виждонан ҳақлимизми? Айни дамда Ўзбекистоннинг аҳолиси қарийб 32 миллионга етган. Пахта далаларидан терилаётган маҳсулот эса 3 миллион тоннани ҳам ташкил этмаяпти. Йиғим-терим мавсуми бир ярим ой давом этяпти, холос. Пахтамиз эса ўзимизда қоляпти, истасак сотамиз, истасак тўшак қиламиз... Энди ҳам нолишга ҳақлимизми? 
 
Хўш, бугун ўзбекистонликлар мажбурий меҳнатга жалб этиляпти, деб жар солаётган, асли ўзбек, ўзбекистонлик бўла туриб олдига ташланган чақа учун тап тортмай Ватанига тош отаётганлар ўша даврларда қаерда эди?!
 
6 миллион тонна пахта топшириб, эвазига жазо олаётган деҳқон, теримчилар тақдири уларни қизиқтирганми? Куну тун пахта дарди билан яшаган, уйидаги томорқасига ҳам пахта эккан, “план”ни топширишни энг олий вазифаси деб билганларнинг тақдири-чи, улар билан қизиққанми? Бизнингча, йўқ!
 
Кеча BBC ахборот агентлиги Ўзбекистондаги нашр ахборотига таяниб, Тошкент–Андижон–Тошкент поезд қатновлари бекор қилингани, поездлар пахта теримига “мардикор” ташиш учун сафарбар этилганини ёзади.
 
Эълон қилинган мақола матнига эътибор беринг...
 
“..Бир аср олдин, 1916 йилда Ўзбекистонликлар Чор Россияси томонидан Россияга мардикорлик қилишга мажбуран олиб кетилганди. Бу мажбурлашлар халқ қўзғолонларига сабаб бўлган.
 
Тарихчилар ўша даврда халқ орасида мажбурий меҳнатни гапириш тақиқланганлигини айтишади. Шундай бўлсада, одамлар ушбу зулмни қўшиқлар тўқиш орқали акс эттирган.
 
Мардикорлар рўйхатида 566-рақам билан қайд этилиб, Андижоннинг Оқёр гузаридан мардикорликка сафарбар этилган 31 ёшли Худойберди Қорабоев “Дўнгалигим” шеъри муаллифи бўлган. Шеър ўша вақти ўзбекларнинг миллий қўшиғига айланган”, деб ёзаркан BBC юқорида номи келтирилган шеърни илова қилади ва бугун Ўзбекистонда мажбурий меҳнат қандай экани юзасидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига савол билан юзланади.


 
“Qalampir.uz” таҳририяти ҳолатни ўрганиш учун Тошкент вокзалига йўл олди. Тошкент–Андижон–Тошкент йўналиши бўйича чипталар 57 минг сўмдан 185 минг сўмгача баҳоланган бўлиб, сотув ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда. “Жой йўқ, кутинг” деган жавобни олмадик ҳар ҳолда. Бундан кўриниб турибдики, мажбурий меҳнатга жалб этиш, пахтани деб иш жойларини ташлаб кетиш каби ҳолатларининг аксарияти бўрттирма ва шунчаки ўйлаб топилган навбатдаги ғийбатлардан ўзга нарса эмас!

BBC’нинг ёзганларини ўқиб шу фикрга келдим... 1916 йилда Россия ўрмонларига мажбурий меҳнатга жалб этилган ўзбеклар ким учун ишлаган эди? Ўзбек боласи пахта даласини кўриб улғайган, ўрмонда дарахт тўнтариб эмас! Бировнинг ҳашаматли саройини иситишга ўтин етказиб бериш учун соғлиғи, оиласи, Ватанидан айрилиб, изғиринда дарахт кесиб, ўтин ташишга олиб кетилган йигитларнинг ўша даврларда чеккан азобларини бугун ўз Ватанида, пахта даласида меҳнат қилаётган ўғлонлар билан солиштириш қанчалик тўғри? Муҳими шу – меҳнат ҳам, роҳат ҳам ўзимизники! 
  
Халқаро ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали ўзини қаҳрамон кўрсатиб, мажбурий меҳнатга қарши чиқиб, пахта теримини ҳам мажбурий меҳнатга менгзаётганларнинг фикрича пахтани ким териши керак?
 
Болалар терса — вояга етмаган дейишади! Талаба терса — ўқиши қолиб, далада юрибди... Катталар терса — мажбурий меҳнат! Муаммо ҳақида гапиришдан осони йўқ, лекин унинг ечимини ҳам кўрсатиш керакми?
 
Йиғим-терим мавсуми ва унга оммавий жалб қилиниш ҳақида гап кетганда бу ҳолат фақат Ўзбекистонда кузатилмаслигини ҳам унутмаслик даркор. Россияда оммавий картошка терими, Бразилия ва Колумбияда қаҳва терими, Шимолий Кавказ ўлкаларида мандарин, Шри-Ланкада чой барги теримлари ҳамон бор. Пахта теримига келсак, АҚШ, Хитой ва Покистонда ҳам одамлар оммавий пахта теримига жалб этилади.
 
Тўғри, ривожланган мамлакатлар тажрибаси бироз бошқача. Йиғим-терим ишлари билан шуғулланувчи ва мавсумга қараб турли далаларда меҳнат қилувчилар учун ёлланма ишчилар ширкатлари тузилган бўлиб, улар ётоқ ва озиқ-овқат билан таъминланади. Ҳосилнинг ҳар килограми учун пул ҳам олади. Қайси мавсумда, қайси далада меҳнат қилганига қараб меҳнат дафтарчасига даврий меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотлар қайд этилади. Қарабсизки, теримчи оддий кўнгилли эмас, расман ишчига айланади.
 
Хўш, Ўзбекистонда ҳам бундай ширкатлар ва дала ишларига жалб этиладиган мавсумий ишчилар борми? Умид қиламизки, тез орада бунинг ҳам ечими топилади. Муаммо йўқ эмас, бор. Фақат улар ҳақида ётиғи билан, ечимини кўрсатиб, шунчаки уввос солмай, тушунтирилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳар ҳолда ҳеч бир мамлакат ўзининг эртанги тақдирига бефарқ эмас.
 
Сўзимиз сўнггида Ўзбекистондаги пахта теримини асосий мавзусига айлантирган ОАВлардан масалага панжа ортидан қараб, кўр-кўрона қоралашни мақсад қилмай, вазиятга холис баҳо беришларини сўраган бўлар эдик.
Қамариддин Шайхов,
журналист, “Qalampir.uz” сайти раҳбари

Теглар:пахта терими 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Тохир
14:36 25.10.2017

40-60йилларда кечаси хам пахта теришган экан. Тўғри Пахта терган билан хеч ким ўлиб қолмайди. Лекин қачондир хамма ўз ишини қилиши керак бўладиган вақт хам келиши керакку


Тохир
14:12 25.10.2017

Менимча мақола муаллифи ўқитувчи ёки шифокор бўлиб кўп йиллар ишлаганда хозир бошқача гапирган бўлар эди.


zahro
23:30 20.10.2017

Maqola yozishdan avval ma‘lumotga ega bo‘ling bizda ayrim OTM larda homilador yoki 2 yosh farzandini yolg‘iz boquvchisi bo‘lgan talabalarni ham talabar safidan chetlatilasan degan po‘pisa bn paxta terimga majburan olib chiqishdi licheniya olayotgan kasal bolasini qo‘shniga tashab paxtaga chiqdi zari yo zo‘ri bo‘magan talabalar


Ravshan
11:13 20.10.2017

Сийкаси чиккан гаплар. Бу ишларни жой-жойига куйиш вакти келган. Гап эшитиб гард юктирадиган давлат эмасмиз энди. Юкори технологияни куллаб техник томондан еки иктисодий ечим топиб пахта теримини ташкил этиш лозим.


Сирожиддин
09:19 20.10.2017

Пахта терими ҳақида мен ўқиган энг ахмоқона мақола....



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар