Диний ташкилотлар очилиши бўйича қўшимча изоҳ берилди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, Республика махсус комиссиясининг қарори билан шу йил 17 август, душанба кунидан эътиборан мамлакатдаги барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини давом эттиради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита диний ташкилотлар очилиши бўйича изоҳ берди.

Қўмита “Барча диний ташкилотлар” деганда мамлакатдаги барча дин вакилларига тегишли ибодат масканлари назарда тутилганини эслатиб ўтган. Бунга масжидлар, черковлар, синагогалар ва бошқалар киради.

Ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган айрим саволлар ва мулоҳазаларга ойдинлик киритиш мақсадида ташкилот қуйидагиларни маълум қилди.

Биринчидан, масжидларда кунлик беш маҳал намоз, черков, синагога ва бошқа ибодат масканларида ҳар кунлик ибодатлар тўлиқ бажарилади.

Иккинчидан, масжидларда жума намози, черков ва синагогаларда бажариладиган шанба ва якшанба кунидаги оммавий ибодат маросимлари Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ вақтинча тўхтатиб турилади.

“Муҳтарам юртдошлар, белгиланган карантин тартиб-қоидаларига амал қилайлик. Ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини асраб-авайлайлик!”, дейилади қўмита баёноти сўнгида.


Мақола муаллифи

Теглар

масжид диний ташкилот

Баҳолаганлар

196

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг